Юнусобод туман ИИБ мажлислар залида 4 июнь куни содир бўлган мудҳиш йўл транспорт ҳодисаси бўйича брифинг ўтказилди. Ушбу брифинг жабрланувчиларнинг оила аъзолари, журналистлар ва ИИВ масъул ходимлари иштирокида бўлиб ўтди.
Тадбир жабрланувчиларнинг оила аъзоларининг руҳий ҳолатлари ҳисобга олиниб камерадан фойдаланилмади.
Йиғилиш ЙТҲ оқибатида вафот этган А.Г. хотирасига ҳурмат сифатида бир дақиқа сукут сақлаш билан бошланди.
Йиғилишда масъул шахслар сифатида Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлими раҳбари полковник Зафар Алимов, Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи полковник Олим Саидов, Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судьяси Аббосхон Шомаҳмудов ва Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими бошлиғи Сардор Мирзараҳимов қатнашди.
«Аввало айтишимиз керакки, вафот этган ўсмир Юнусобод тумани аҳолисининг бир вакили, бир фарзанди эди. Биз бу ерга иккиюзламачилик ёки шундай бошқа мақсадда йиғилганимиз йўқ. Биз ҳозирги ҳолатга тўғри баҳо бериш учун йиғилдик.
Маълум қиламизки, мазкур жиноят иши қонун доирасида олиб борилади ва айбдорга қонуний жазо берилади. Воқеа юзасидан 5 июнь куни жиноят иши қўзғатилган, гумонланувчи сўроқ қилинган. Сўнгра, уй қамоғи қўлланди. Суд-трасологик экспертизаси тайинланган ва натижаси бўйича хабар берамиз. Тергов жараёнларида ҳар 10 кунда сизларга (жабранувчиларга) маълумот бериб борамиз. Сизнинг ҳозирги ҳолатда адвокат олиш ҳуқуқингиз бор. Иш бўйича ҳужжатлар билан танишишингиз мумкин. Ҳар қандай вақт, 24 соат сиз учун тайёрмиз», дейди полковник Алимов.
Брифинг иштирокчилари айни вақтда ижтимоий тармоқларда куракда турмас фикрлар билдиришдан тийилиш кераклигини айтишди.
Брифингда ЙТҲ қурбони, марҳум А.Г.нинг отасига сўз берилди.
«Мен ўзимни тутишга ҳаракат қиламан. Фарзандимизни энди ҳеч ким қайтара олмайди. Бу биз учун оғир мусибат бўлди. Бизнинг тушунмаган жойимиз: нега ўша аёл ҳодисанинг эртаси куни ҳам бемалол кўчада юриши, ишга бориши, шифохонага ҳам келишини қандай тушуниш мумкин? Ваҳоланки, бу аёл бизнинг фарзандимиз учун, қилган иши учун ибодат билан машғул бўлиши керакмасмиди? Булар менинг шунчаки саволларим, холос. Кимнидир айблаш, кимгадир биз учун бундай қилиб бер дейиш эмас.
Шунингдек, ҳозирги кунда кўчаларимизда автомобиллар жуда тезлик билан ҳаракатланмоқда. Маҳалланинг ичими ёки бошқа жойми фарқи йўқ. Биз боламизни йўқотдик, бошқалар йўқотмасин. Мен ҳозир сизлар билан ўз ҳисларимни бўлишяпман, холос. Бирор талаб қўймаяпман. Бизга ҳозир жуда ҳам оғир», дейди марҳумнинг отаси.















