Шу йилнинг 10 июнь куни «Трастбанк» хусусий акциядорлик банкида Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда «Трастбанк» раҳбарияти Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорациясининг ижрочи директори жаноб Айман Амин Сежини бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Бу учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 декабрдаги «Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2019 йил 5 мартдаги «Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда халқаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воқеа бўлди.

2018 йилнинг 9 июлида «Трастбанк» делегациясининг Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига ташрифи доирасида, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) ўртасида битим имзоланиб, 7 000 000 АҚШ доллари миқдорида кредит линияси ажратилган ва у 1 ой мобайнида ўзлаштирилган эди.Жумладан, бу йўналиш доирасида саноат ишлаб чиқариш соҳасида қатор инвестиция лойиҳалари молиялаштирилган бўлиб, кабель ишлаб чиқариш, электрон қисмларни ишлаб чиқариш, қурилиш ва маиший техника ишлаб чиқариш соҳасига ажратилган кредит линиялари ҳисобидан республикамизда жами 50тага яқин янги иш ўринлари яратишга эришилди.

«Бугунги кунда Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси «Трастбанк»нинг халқаро даражадаги муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади», - дейди банк бошқаруви раиси Сардор Нормухамедов.
«Ўтган 25 йил давр мобайнида банк молиявий хизматлар бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаб, ўзига хос бўлган иш услубини яратди. Хусусан, банк ўз фаолияти давомида кенг мижозлар базасини яратди, жумладан, республика бўйлаб банкнинг 11та филиаллар тармоғи аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатмоқда. Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси томонидан ажратилган кредит линияси «Трастбанк»га халқаро бизнесни ривожлантиришнинг янги босқичига эришишига имкон яратди», - дея сўзини якунлади Сардор Нормухамедов.

















