Ўзбекистон | 17:30 / 12.06.2019
29766
2 дақиқада ўқилади

Оҳангарон туманида ҳоким алмашди

12 июнь куни Халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, сессия ишида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласи фаоллар иштирокида танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди. 

Йиғилишда ташкилий масала кўрилган. Ўктам Мингбоевич Турсунов бошқа ишга ўтгани муносабати билан туман ҳокими вазифасидан озод этилган.

Абдувоҳид Тўхтабоевич Турдибоев бугундан эътиборан Оҳангарон тумани ҳокими лавозимида иш бошлаган.

Сессияда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси шўъба мудири Абдулла Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Саидлазиз Саидкаримов иштирок этган.

Маълумот учун, Ўктам Турсунов 2017 йилнинг июлидан буён Оҳангарон туманига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Абдувоҳид Турдибоев 1962 йил 8 ноябрда Тошкент вилояти Чиноз туманида туғилган. Маълумоти олий. 1984 йилда Самарқанд кооператив институтини, 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 

Фаолиятини Сирдарё вилояти туманлараро савдо базасида ҳисобчиликдан бошлаган. Меҳнат фаолияти давомида тайёрлов-савдо уюшмаси бошқаруви раиси, Давлат солиқ инспекцияси (ДСИ) бошлиғи ўринбосари, Сайхунобод, Чиноз туманларида ДСИ бошлиғи, Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, Сайхунобод тумани ҳокими, Сирдарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи вазифаларида фаолият юритган.

Бундан аввалроқ Қуйи Чирчиқ туманига янги ҳоким, янги прокурор ва янги бош солиқчи тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид