17:10 / 17.06.2019
7933

2017 йилдан буён коррупцион жиноятлар учун республика даражасидаги 70 нафар мансабдор жавобгарликка тортилган — Бош прокуратура

Бугун, 17 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев ва журналистлар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, коррупциянинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда 2017 йилдан бери содир этилган коррупцион жиноятлар бўйича рақамлар келтириб ўтилди.

«2017 йилдан буён республикада 3965та коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ жиноят содир этилган. Бу рақам 2017 йилда 2076тани, 2018 йилда 1469тани, жорий йилда эса 420тани ташкил этади.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, 3388та жиноят иши бўйича тергов тугалланиб, суд муҳокамасига берилган. Бу рақамлар 2017 йилда 1883та, 2018 йилда 1299та, жорий йилда 206тага тенг.

Мазкур жиноят ишлари бўйича 5072 нафар шахс жиноий жавобгарикка тортилган. Йиллар бўйича тақсимоти бўйича мос равишда - 2881, 1907 ва 284 нафар.

Жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 70 нафари республика миқёсидаги мансабдорлар, 499 нафари вилоят, 4508 нафари туман ва шаҳар миқёсидаги мансабдорлардир», дея Эркин Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top