Иш берадиган ғояларни яхшиланг, ақлли кишилар билан мулоқотда бўлинг ва сармоядорларни жалб қилишга ҳаракат қилинг.

Лайфхакер сайти ўз ўқувчилари ўртасида сўровнома ўтказди. Унда сайтнинг 2 372 нафар ўқувчиси иштирок этган. Натижалар таҳлил қилинган ва энг кенг тарқалган сабаблар танлаб олиниб, уларни бартараф этиш йўллари тақдим этилган.

Фото: Лайфхакер

Биринчи сабаб: «Пул келтирадиган ғояни топа олмайман»

Овоз берганларнинг 38 фоизи бизнес учун йўналиш топа олмасликларини айтишган. Уларда қувват, куч ва тадбиркор бўлиш учун имконият мавжуд. Бироқ бетакрор ва даромадли ғояни топа олишмайди.

Муаммони қандай ҳал қилиш мумкин?

Диққатни ғоя эмас, муаммони излашга қаратинг. Агар корхонангиз ҳеч кимга керак бўлмаган маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланса, бундай бизнес муваффақиятли бўлмайди. Муайян одамлар гуруҳига хос бўлган муаммони топиб, унга ечим таклиф этиш керак. Айнан ўзингиз бошдан ўтказган муаммо бўлса янада яхши.

Келажак ҳақида ўйланг. У учувчисиз қурилмалар, ақлли гаджетлар, сунъий идрок қўлида. Ана шу нарсалар атрофидаги ғояларни изланг.

Ўзингиз фаолият юритадиган бизнес йўналишини кўздан кечиринг. Сўзсиз, сизда тажриба ва танишлар бор – бу эса тадбиркорлик оламига киришни енгиллаштирадиган ижтимоий маблағ. Шунингдек, сиз ишлаётган компания раҳбарияти ёки мижозлардаги муаммолар тушунарли.

Мавжуд жараёнларни оптималлаштиринг. Агар одамлар вақт ва пул йўқотаётган соҳани топиш, кейин эса ушбу муаммонинг ечимини таклиф этишга муваффақ бўлсангиз, муваффақиятли бизнес яратиш эҳтимоли юқори.

Нусха олинг. Бироқ тўғридан тўғри кўчирманг. Ҳозирда ишлаётган ғояларни яхшиланг – бу стартапингизга мижозларни жалб этишнинг ягона усули.