Жиззах вилоятидаги аҳоли хонадонлари электр ҳисоблагичлари бепул алмаштириляпти. Таъкидлаш жоиз, дунё тажрибасидан фойдаланиб маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилаётган замонавий электр ҳисоблагичлар аввалгиларидан 20 дан зиёд функцияларни бажара олиши билан фарқланади. Энди хонадон соҳиблари электр таъминоти корхоналарида узундан-узун навбатларда турмайди. Кимларгадир, нималарнидир исботлашга асло ҳожат қолмайди. Бир сўз билан айтганда янги ҳисоблагичлар ҳар томонлама қулай ва тежамкор.

«Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишда хориж тажрибасига таянилмоқда, – дейди «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари» АЖ молия ва иқтисод масалалари бўйича директор Муҳиддин Холмуродов. – Яъни, бу вазифа Италия компанияси маслаҳати ёрдамида кореялик пудратчи корпорация томонидан амалга оширилди. Биргина Жиззах вилояти учун Осиё тараққиёт банки томонидан кредит ҳисобига 13.2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ молиялаштирилган. Бунинг эвазига вилоятда 97 176 та замонавий ақлли электрон ҳисоблагич ҳамда 740 дона концентратор етказиб берилди. Шунингдек, 180 000 та электр ҳисоблагичлар ва аппарат комплекслари ўрнатилиши режалаштирилган. Ҳозирда Жиззах вилоятида иш жадал суръатда амалга оширилиб, 77907 мингдан ортиқ ҳисоблагич ўрнатилди. Айни кунларда вилоятимиздаги Арнасой, Ғаллаорол, Пахтакор ва Ш.Рашидов туманларида ҳам янги ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда».

«Янги тизим бир қатор афзалликларга эга ва бу амалиётда ўзини оқлади, дастлаб бу янгилик вилоятимиздаги Янгиобод туманида  эксперимент тарзида шу тизим асосида истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилди. Натижа шуни кўрсатдики, тармоққа ноқонуний уланиш ва фойдаланиш йўқолди. Тўлов интизоми яхшиланди, истеъмолчиларнинг электр энергиясидан қарздорлиги кескин камайди. Айни пайтда Жиззах шаҳрида ўрнатилган ақлли ҳисоблагичлар ҳам автоматлаштирилган онлайн режимига ўтказилган. Бу электр энергиясидан фойдаланиш кунлик кўрсаткичларини йиғиш ва ҳисоб-китоб тизимини автоматлаштириш, электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради. Муҳими, электр тармоқлари бошқарилишини енгиллаштиради, эксплуатация сарф-харажатларини камайтириб, истеъмолчиларнинг электр энергиясидан фойдаланишда ўзларининг бошқарув имкониятларини кенгайтиради. Содда қилиб айтганда, энди истеъмолчи электр энергиясини сотиб олиб ишлатади. Аввалгидек, қарздорлик юзага келишига йўл қўйилмайди. Истеъмолчининг ҳисобида пул бўлмаса, ҳисоблагич автоматик тарзда ўчади ва электр энергияси етказиб бериш тўхтатилади. Бундан ташқари, тармоқда ёки фойдаланилаётган электр ускуналари ва техникаларида носозлик юзага келса, кучланиш ошиб кетса ҳам ҳисоблагич ўчади. Носозликлар бартараф этилгач, истеъмолчининг мурожаати билан навбатчилар томонидан ҳисоблагич қўшилади. Бунинг учун барча туман ва шаҳарларда туну кун доимий навбатчилик йўлга қўйилган. Тўловларни амалга ошириш ва ўз ҳисобини билиб бориши учун ҳам истеъмолчиларга қулайлик яратилган бўлиб, бу ҳақда уларнинг телефонига хабарнома ҳам юборилади», – дейди Муҳиддин Холмуродов