Март ойидаги сайловлар натижалари бекор қилингани туфайли якшанба куни Истанбулдаги сайловчилар шаҳар мэрини қайтадан сайлаш учун яна сайлов участкаларига қайтишди.

Ўшанда мухолифатчи партия номзоди Акром Имомўғли рақибидан 13 минг овоз кўп жамғариб ғолиб бўлганди.

Кейинроқ Туркия олий сайлов кенгаши амалдаги Эрдўған партияси талаби билан айрим сайлов участкаларида сайлов комиссиялари аъзолари давлат хизматчилари бўлмагани ва сайлаш ҳуқуқига эга бўлмаган кишиларнинг овозлари қўшилганини сабаб қилиб кўрсатиб, сайлов натижалари ҳамда мухолифатдан сайланган Икром  Имомўғли мандатини бекор қилган, 23 июнь куни қайта сайлов ўтказилиши белгиланганди.

Ўшанда мухолифатчилар сайлов натижалари бекор қилинишини президент партиясининг сиёсий коррупцияси сифатида баҳолаганди.

Акром Имомўғли «демократия ғалабаси учун бор кучини бериши»ни ваъда қилган, сайлов арафасида ўтказилган сўровномалар натижалари ҳам у яна бир бор собиқ бош вазир Биноли Йилдирим устида ғалабага эришишини кўрсатган.

Такрорий овоз бериш натижалари мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг сиёсий келажагига жиддий таъсир кўрсатиши айтилмоқда.

1994 йилдан 1998 йилгача Истанбул мэри бўлган Эрдўғаннинг ўзи шундай деган: «Агар Истанбулда ғолиб чиқсанг, Туркияда ғолиб чиққан бўласан».

Сайловда кимлар ўз номзодини илгари сурган?

49 ёшли Акром Имомўғли Республика халқ партияси номидан қатнашмоқда, у Истанбулдаги Бейликдузу тумани мэри ҳисобланади.

Биноли Йилдирим
Фото: GETTY IMAGES

Унинг рақиби Биноли Йилдирим - Адолат ва тараққиёт партияси асосчиларидан бири, у 2016 йилдан 2018 йилгача мамлакат бош вазири бўлган. Унинг бошқаруви даврида Туркия яна президентлик республикасига айланган ва бош вазир лавозими бекор қилинган.

У бош вазирликдан кетгач Транспорт ва алоқа вазирига айланган, шу йилнинг февралида эса ҳукуматнинг янги таркибига кирган.