Таҳририятга жўнатилган навбатдаги мурожаат сурат кўринишда ва кичик изоҳ билан келди: «Уйим ёниб кетди. 4 болам билан кўчада қолдик».
Аввалига уларнинг хоҳиши нимада эканини англай олмадик - муаммони кўтариб чиқишми ёки хайрия тарзида ёрдам керакми? Аниқлик киритиш учун Тошкент туманига чиқдик.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Чиғатой маҳалла, Камалак берк кўчаси, 17-уйни қидириб йўлга отландик. Маҳаллага кирган вақтимиздаёқ ёнган уй дарров кўзга ташланди. Ёнғиндан кейин бу ерда тозалаш ишлари амалга оширилган. Уйдан пахса девор ва унинг пойдевор қисми қолган экан, холос. Талофат кўрган Абдуғаниевлар оиласига ҳамдардлик тилаб, бўлган воқеани сўзлаб беришини сўрадик.

«4 июнь куни саҳар пайти қўшнининг уйида ёнғин чиқди. Ёнғин жуда кучли бўлди. Ўт ўчириш хизматидагилар кеч қолиб келишди. Кўз очиб юмгунча олов бизнинг уйимиз томон бостириб кела бошлади. Ўт ўчириш хизматидагилардан нарвон қўйиб уйлар туташган жойга чиқишини сўрасам, «нарвоним йўқ» дейди. Уйнинг ичидан туриб сув сепишини сўрагандим, шланкаси етмаслигини айтди. Машина ҳам ичкарига киролмаслигини билдиришди. Айтишларича, бу машина қиммат эмиш.

Бизга нима қизиғи бор? Одамларга ундай машина керак эмас. Ёриб кирадиган бўлиши керак-ку? Ўт ўчирувчилар ҳам шланкаларни улашни билмайди. 15 дақиқа вақт шунга кетди. Уйимиз ёниб бўлди. Бошқаларда бундай бўлмасин, ишқилиб. Яхши ҳам ҳеч ким азият чекмади. 13 жон яшаймиз. Ҳамма уйдан чиқишга улгурди. Шунисига шукр деймиз», дейди Муҳаммаджон Абдуғаниев.

Бу уйда яшовчи яна бир оила бошлиғи Ботир Абдуғаниевнинг ҳам дардларини тингладик.



















