Мақолага ФВВ муносабати: Бўлинмалар талаб доирасида жиҳозланган
23 июнь куни Kun.uz сайтида уйи ёнган, ўт ўчириш хизматидан норози бўлган оила ҳақида материал берилганди. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу мақола юзасидан муносабат билдирди.
Вазирлик берган хабарга кўра, Тошкент вилояти ФВБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг мутахассислари билан биргаликда Тошкент тумани, «Кўксарой» ҳудуди Камалак берк кўчасидаги ёнган хонадонларга бориб вазият ўрганилган.
«2019 йилнинг 4 июнь куни Тошкент шаҳар ФВБ ЁХБ Куч ва воситаларни тезкор бошқариш марказига фуқаролар томонидан қўл телефони орқали соат 04:51да Тошкент вилояти, Тошкент тумани, «Кўксарой» ҳудуди «Чиғатой» МФЙ, Камалак берк кўчаси 16 ва 17-уйларда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар берилган.
Биринчи жанговар бўлинма ёнғин жойига 04:58да (7 дақиқада) етиб борган. Жанговар бўлинма етиб келган вақтда Камалак кўчаси 16-уйнинг 150 кв.м майдонда томи, шифти ва ички қисми тўлиқ аланга билан қоплангани ҳамда ёнғин Камалак берк кўчаси 17-уйнинг том қисмига 60 кв.м жойига ўтиб ёнаётгани аниқланган.
Ёнғинни кенг майдонга тарқалиб кетишига асосий сабаб, хонадон эгалари томонидан ёнғинни кеч пайқагани ҳамда ёнғин хавфсизлиги хизматига кеч хабар берилганидир.
Ёнғин жойига келган бўлинмалар жанговар вазифаларни бажаришларига фуқаролар томонидан халақит берилишига қарамасдан ёнғин тарқалиши олди олинган. Натижада, Камалак кўчаси 17-уйнинг 100 кв.м майдони сақлаб қолинган ҳамда қўшни 15 ва 18-уйларга ёнғин тарқалишига йўл қўйилмаган.
Ёнғин содир бўлган кўча торлиги, дарахтларга шакл берилмагани ва ёнғиндаги иссиқлик таъсири баландлиги натижасида ёнғин ўчириш автомобили ёнғин содир бўлган хонадондан тахминан 60 метр узоқликда вазирликнинг буйруқ талаблари асосида хавфсизликни таъминлаган ҳолда жойлаштирилган.
Ёнғин жойига етиб борган бўлинмалар шахсий таркиби ёнғин ўчириш раҳбарининг кўрсатмасига асосан ўз ҳаракатларини амалга оширишади, яъни сув дастакларини айнан ёнғин ўчоғига эмас балки аланга атрофга тарқалмаслиги учун қаратилади. Кейин асосий ёнғин ўчоғига дастаклар қаратилади.
Ёнғин катта майдонга тарқалиб кетмаслиги олдини олиш ва бартараф этиш учун дастаклар тўғри ва керакли миқдорда берилган.
Маълумот ўрнида, Тошкент тумани ёнғин хавфсизлиги гарнизонида жами 4та ёнғин ўчириш автоуловлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири 3 турдаги нарвонлар, 4 хил турдаги енглар (400 метр) ва бошқа ёнғин ўчириш анжомлари билан вазирликни амалдаги буйруқ талаблари асосида тўлиқ жиҳозланган», дейилади маълумотномада.
Қайд этиш керакки, ушбу маълумотлар мақолада ҳам келтириб ўтилган эди. Ўт ўчириш бўлинмалари талаб даражасида жиҳозлангани айтилаётганига қарамай қўшни уйлар ёниб кул бўлган бўлса, бўлинмаларнинг моддий-техник базаларини танқидий кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар, балки.
P.S. Мақолани ёзиш давомида вазирлик сайтига кириб, ёнғин бўйича кўрсатмалар, Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ҳақида маълумотлар топа олмадик. Жамият учун зарур бундай маълумотлар ҳам вазирлик расмий сайтига жойлаштирилиб борилишига умид қилиб қоламиз.
Мавзуга оид
10:46 / 15.11.2024
Қоидабузарлик қилган ФВВ автомобили ҳайдовчиси жаримага тортилди
19:07 / 12.11.2024
ФВВ автомобили вазирлик биносига киришда қўпол қоидабузарлик қилди
09:20 / 12.11.2024
Навоий кўчасида Lacetti ёниб кетди
15:57 / 07.11.2024