Нима учун бугунги кунда аксарият ёшлар тил билиш даражасини тасдиқловчи халқаро сертификатларни олишга қизиқяпти? IELTS, TOEFL ва бошқа тизимларнинг афзаллиги ва бир-биридан фарқи нимада? Нега айнан IELTSни олишга талабгорлар бунчалик кўп? «Маҳалла» нашрида шулар хусусида мақола эълон қилинди.
Аввал тил билиш даражасини баҳоловчи энг оммабоп тизимларнинг фарқи ҳақида тўхталсак.
CEFR — (Common European Framework of Reference for Languages — Умумий Европа Тил Кўникмаси Қолипи) тизими ҳозирги кунда бутун Европада ишлатиладиган чет тилларини ўрганиш, ўргатиш ва баҳолашга доир масалаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қароридан сўнг инглиз тилини ўрганиш ва ўргатишга бўлган талаб сезиларли даражада ортиши билан бирга, янги, миллий NSFLA тизими CEFR aсосида ташкил этилди.
IELTS — (International English Language Testing System) — ҳозирги кунда 140дан ортиқ мамлакатда 10 мингдан ортиқ ташкилот ва таълим муассасалари томонидан тан олинади ва энг ишончли инглиз тили тести сифатида эътироф этилади. IELTSга тайёргарлик кўриш ва имтиҳондан муваффақиятли ўтиш учун интернет тармоғида минглаб ўқув қўлланмалари, бепул дарслар ва турли хизматлар мавжуд. British Council ва IDP (International development program) маркази эса ушбу тестларни ўтказиш бўйича Ўзбекистонда масъул ташкилот ҳисобланади.
TOEFL — (Test of English as a Foreign Language) — инглиз тилида сўзлашмайдиган давлатлар учун халқаро имтиҳон бўлиб, АҚШнинг Нью Жерси штатида жойлашган, Паристон университетига қарашли Educational Testing Service (ETS) ташкилоти томонидан тайёрланган. Ушбу имтиҳоннинг ўзига хослиги шундаки, у инглиз тилининг Америка вариантига асосланган. Шу боис TOEFL синовидан муваффақиятли ўтиш учун инглиз тилининг American English вариантини чуқур билиш талаб этилади.
Нега ҳамма IELTSни танламоқда?
«Сўнгги йилларда дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги олий ўқув юртлари TOEFL (Test of English as a Foreign Language) имтиҳони сертификатини қабул қилмай қўйди. Аксинча айни пайтда инглиз тилида сўзлашувчи давлатлар ва дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларидаги ушбу тилга ихтисослашган олий ўқув юртлари IELTS сертификатини талаб қилади. Шу билан бирга, Канада, Австралия ва Янги Зеландия каби давлатларга касбий иммиграция йўналиши бўйича ишга бормоқчи бўлган инсонлар учун мазкур тестни топшириш лозим бўлади. Шу боис бугун кўпчилик ўзбек ёшлари CEFR, TOEFL каби имтиҳонлардан кўра, IELTSни маъқул кўрмоқда» , ─ дейилади мақолада.
















