Интернетда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг шоу-бизнес оламининг қатор вакилларига қилган мурожаати пайдо бўлди. Унда санъаткор Гулнора Каримованинг озод қилинишини ёқлаб чиққан шоу-бизнес вакилларини қоралаб, улардан кўзларини очишни сўраган.
«Бир гапиришганди, индамадим, лекин бу сафар жуда ҳаддидан ошиб кетишди. Санъаткорларимиз жудаям қаттиқ соғиниб, юраклари эзилиб кетибди. «Биз соғиндик, қачон чиқасиз» дейишибди. Чиқади, бошингларга бало бўлгани чиқади, гап йўқ! Ё жудаям яқиндан танирдингларми? Мендан сўрасаларинг бўлади, ёнларида хизматларига чақирса, эрталабгача ухламай, пулларимни ололмай ўтирган кунларим бўлган.
Қачон кўзларинг очилади, мусулмонлар?!
Сизлар бугун микрофонни ушлаб ашула айтяпсизлар, эртага ҳеч ким эмассиз. Нега халқнинг бошини айлантиряпсизлар? Гулнора Каримова?! Гулнора Каримовани давлат билган, таниган, 1 миллиарди ташқарида. 1 миллард доллар, 1 миллиард сўм эмас. Давлатнинг 1 тийини ҳам халқники, Ҳақники. Тушундиларингми? Ҳали билмаганлар қанча? Ким нима деса орқасидан эргашиб кетавериш керакми, бўлди қилинглар энди. Олдин сиёсатчилар бизга тегарди, бугун сизлар нимага тегяпсизлар? У пулни ким қайтаради, у халқнинг пули, саники билан маники эмас-ку? У давлатнинг пули (столни муштлаб).
Шунча бева-бечораларга уйлар берилди, ёрдам кўрсатилди. Қачон шунақа бўлганди? Нима учун бу пулни сўрамаслигимиз керак, сўраймиз. Мен ўша пуллар қайтиб келиши тарафдориман.
Халқнинг пули халққа қайтсин. У пулга биласизларми нималар қилса бўларди, боғчалар, оиласини зўрға тебратаётганлар бор. Майли-да, орзу-ҳавасда юрганлар бор, ойликдан ойликкача зўрға яшайдиганлар бор. Ота-онаси ишга кетиб, ўлиб кетганлар қанча, ўшаларга пул керак, етим-есирга керак, боғча керак, мактаб керак, билим керак, китоб керак. Ҳа бу қаердан келади, айтинглар-чи? Сиз ўғирлаб қочсангиз, мен қайси ўғрини соғинишим керак? Ўғри-ю у! Йиғиштиринглар бунақа хом-хатала гапларни. Ижодни қилинглар, микрофонни тузукроқ олиб, ашула айтишни ўрганинглар. Бугун сизларнинг камчиликларингизни айтмаётган бўлсак, бу ҳаддиларингдан ошиш керак деганимас.
Сиёсатчилар бизга тегарди, биз хафа бўлиб интервью берардик, бугун сиёсатчилар тегмаяпти бизга, нега сизлар тегяпсизлар сиёсатчиларга? Шунга аччиғим келяпти. Бошидан сув томмаган одам билмайди-да, нималигини.
Мен яхши биламан у кунларни, йилнинг ярми хизматида «шувоқ эди», ҳозир пул ишлаяпмиз-ку ўртоқлар! Мен ҳозир энди сизларга тўғридан-тўғри савол бераман – сизларга жавоб бўлсин, нима бўляпсизлар сизлар? Соғинаётганлар – Жаҳонгир аканинг қўлидан чиққан санъаткорлар, сизларам соғиняпсизлар. Сўранглар-чи, Жаҳонгир ака соғиняптимикан? Шаҳар ҳокими. Сўранглар-да. Ҳеч ким соғиниб ўлаётгани йўқ. Чунки унинг бошидан тегирмон тоши ўтди, бошига қор тушганда ўзи куради. Ва кимдан қор ёққаниниям яхши билади. Сизлар билиб-билмасдан ҳаммаёққа бурниларингни тиқаверасизларми? Бу ёшларга қачон ақл киради?















