Жаҳон | 08:46 / 29.06.2019
16477
2 дақиқада ўқилади

Ҳафтар армияси Ливияга яқинлашувчи турк кемаларига ҳужум қилишга буйруқ олди

Фото: REUTERS

Ливия миллий армияси ҳарбийлари Триполига учувчи турк фуқаролик самолётлари учун осмонни ёпишни ва Ливия соҳилларига яқинлашувчи турк кемаларига ҳужум қилишга буйруқ олди. Бу ҳақда миллий армия расмий вакили Аҳмад ал-Мисмарий маълум қилди. 

Ал-Мисмарий матбуот-анжуманда турк ҳарбийларини Триполи учун жангларда Фаёз Саррож бошчилигидаги миллий келишув ҳукумати томонда иштирок этаётганликда айблаган. Унинг айтишича, турк учувчисиз қурилмалари Гарян шаҳрини эгаллашда қўлланган.

“Ливия армияси маршали Ҳалифа Ҳафтар ҳарбий-ҳаво кучлари штаби қўмондонлигига Туркиядан келаётган кемаларга Ливия сув ҳудудларига кириши билан ҳужум қилишни буюрди”, деб айтган ал-Мисмарий.

Шунингдек, Триполига парвоз қилаётган турк фуқаролик самолётлари учун Ливия осмонини ёпиш буюрилган ҳамда Ливия самолётларига Туркияга учиш тақиқланган.  

Ҳафтар кучлари 28 июнда Триполи атрофида миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватловчи кучлар дронини уриб туширди. Миллий армия штабида дрон Туркияда ишлаб чиқарилгани маълум қилинган.    

27 июнда Саррож бошчилигидаги кучлар Гарян шаҳрини Ҳафтар кучларидан тортиб олган. Шаҳар миллий армия кучлари томонидан апрелда эгалланганди.

Мавзуга оид