Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитаси 43-сессиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Озарбойжоннинг биринчи вице-президенти, ЮНЕСКО кўнгилли элчиси Меҳрибон Алиева иштирок этди. Шунингдек, ЮНЕСКО бош директори Одре Азуле, ташкилотнинг Ижро кенгаши раиси Ли Бен Хён ва Озарбойжон республикаси маданият вазири Абулфас Гараев ҳам сўзга чиқишди. Бутунжаҳон мероси қўмитаси 43-сессиясида Ўзбекистондан ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия раиси, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда. Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида дунёнинг 180дан ортиқ мамлакатидан 2500дан зиёд киши - вазирлар, ЮНЕСКО элчилари, тегишли ташкилотларнинг бош директорлари, халқаро тузилмаларнинг Озарбойжондаги элчилари ва мамлакат ҳукумати аъзолари қатнашмоқда.

Қўмитанинг Бокудаги сессиясида ЮНЕСКО рўйхатига киритиш учун 42 аризадан 36 тақдимот кўриб чиқилади. Булардан 6 таклиф - табиий меросга, 28таси - маданий меросга ва 2таси аралаш (табиий ва маданий) меросга тааллуқли. Икки кунлик сессия доирасида Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакиллари ЮНЕСКО бош директори Одре Озуле, Озарбойжон бош вазир ўринбосари Д.Аҳмедов, маданият вазири А.Гараев, таълим вазири Д.Байрамов, Туризмни ривожлантириш давлат агентлиги раиси Ф.Нагиев, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори М.Рёсслер ҳамда Бутунжаҳон мероси қўмитасига аъзо 21 мамлакат делегациялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

«Бугунги кунда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида кўп босқичли ва самарали ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг октябрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ЮНЕСКО штаб-квартирасига ташрифи давомида имзоланган «Мамлакатлар дастури» доирасида маданият, таълим, илм-фан ва АКТ ривожи каби йўналишларга оид муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Томонлар ўртасида Ўзбекистоннинг моддий ва номоддий маданий меросини асраш масалалари бўйича йўлга қўйилган конструктив мулоқотни алоҳида таъкидлаш жоиз, бу республика томонидан ратификация қилинган барча нормалар ҳамда ЮНЕСКОнинг ушбу йўналишдаги тавсияларини тўлиқ таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов «Ипак йўли» Халқаро туризм университети ректори сифатида Озарбойжон туризм ва менежмент университети билан таълим ва илм-фан бўйича Англашув меморандумини имзолаши кутилмоқда.
















