Ғамхўр ота-оналар фарзандлари муваффақиятли, бахтли ва бадавлат бўлиб улғайишларини орзу қиладилар. Бунинг учун болага тонгдан кечга қадар ўқиш, дам олиш кунлари эса уни шаҳарнинг барча тўгаракларига олиб бориш шарт эмас. Болаликданоқ фарзандга тўғри молиявий ҳамда ҳаётий одатларни сингдириш муҳимроқ.
AdMe.ru болага молиявий жиҳатдан саводли ва мустақил бўлиб улғайишда ёрдам берадиган оддий, бироқ самарали маслаҳатларни танлади.
Болани масъулиятли этиб тарбияланг

Болани ҳар бир айби учун уришиш ўрнига вазиятни тўғрилашни унинг ўзига қўйиб беринг. Агар бола ликопчани синдириб қўйган бўлса, унинг қўлига супургини тутқазинг, полга бўёқларни суртиб ташладими – қўлига мато беринг. Биринчидан, ана шунда буюмларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни тушунтирасиз. Иккинчидан, болани масъулиятлиликка ўргатасиз.
Ўз ҳаракатлари учун масъулиятли бўлиш эса муваффақиятнинг муҳим таркибий қисми.
Болани пул жамғаришга ўргатинг

Катталар таътил, машина харид қилиш ёки институтда ўқиш учун пул жамғаргани каби бола ҳам ўз эҳтиёжлари учун пул йиғишни ўрганиши керак. Ҳар бир мақсад учун алоҳида идишни белгиланг. Масалан, бу қимматбаҳо ўйинчоқ ёки янги велосипед харид қилиш бўлиши мумкин.
Шу тариқа болани бир онли истакларга берилмай, пулни санаш ва тўғри сарфлашга ўргатасиз.
Болани молиявий масалаларга жалб этинг

Албатта, бола хонадон харид қилиш ёки кредитни сўндиришга ёрдам бермайди. Дўкондаги кичик харидлар ёки дам олиш куни учун ҳордиқни танлашни у билан муҳокама қилинг. Хариднинг нархи, унинг зарурияти ва бошқа муқобил вариантлар ҳақида суҳбатлашинг.
















