Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Термиз шаҳар ҳокимининг «Термиз шаҳрида автобус хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтиб, қарор қабул қилинган.
Гарчи қарор остида юзлаб норозилик оҳангидаги фикрлар қолдирилган бўлса-да, у ўзгаришсиз, билдирилган фикрлар инобатга олинмасдан қабул қилинган. Бунинг натижасида, Термиз шаҳар ҳокимлиги биноси олдида ҳайдовчилар тўпланиб, ўз норозилигини билдиришмоқда.
Шаҳар ҳокимининг муҳокамага ташланган қарори лойиҳаси преамбуласида шундай дейилади:
«Сўнгги йилларда Термиз шаҳрида транспорт соҳасини ривожлантириш, йўловчиларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бироқ шаҳар ҳудудида фаолият юритувчи «Дамас» йўналишли таксиларнинг тартибсиз қатнови натижасида 2018 йил давомида 32та, 2019 йилнинг 4 ойи давомида 11та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, оқибатда 17 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳати олган. Шунингдек, ўтказилган таҳлил натижаларига кўра шаҳар ҳудудида ҳаракатланувчи транспорт воситалари чиқарадиган тутун миқдорининг асосий фоизи айнан «Дамас» йўналишли таксилари томонидан чиқарилмоқда. Бундан ташқари, мазкур йўналишда фаолият юритувчи таксиларнинг аксарияти 300дан зиёд, яъни 30 фоизи лицензиясиз ўз фаолиятини амалга ошираётгани аниқланди».
Юқорида кўрсатилган хулосалардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–2724-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ҳокими қуйидагича қарор қилган:
«2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фаолият юритаётган «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаши эътироф этилсин;
шаҳар ичи йўналишида ҳаракатланаётган 205та, шаҳар ҳудудига кириб келувчи (ўн олтита) йўналишдаги 500та, жами 705та «Дамас» автотранспорт воситаларини схемаларига тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда шаҳар атрофида хизмат кўрсатиш орқали автостанциялар билан боғлаш ҳамда ҳаракатдан тўхтатиш ҳисобига янгидан шаҳар ичи автобус йўналишларини ташкил этиш йўлга қўйилсин;
















