Навоий вилоятида аҳолининг мазмунли дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган масканлар талайгина. Айниқса, замонавий кўринишда барпо этилаётган маданият ва истироҳат боғлари, уларда аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун яратилаётган қулайликлар, хизмат кўрсатиш тизими кундан-кунга юксалиб бораётганлиги қувонарлидир.




Айниқса, Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи бугунги кунда вилоят аҳолиси ҳамда меҳмонларининг асосий кўнгилочар масканларидан бирига айланган.
Истироҳат боғи раҳбарияти ва ходимлари аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида боғ ҳудудида бир қатор ободонлаштириш, янги аттракционлар билан бойитиш ишларини амалга ошириб келмоқда.
Айни вақтда боғ ҳудудида турли ўйингоҳлар ташкил этилган ва 36 турдаги аттракционлар мавжуд.





«Чархпалак», «Карусель», «Учар стулчалар», «Кичик чархпалак», «Кичик лодка», «Кичик поездча», «Самолётча», «Ракета», «Арғимчоқ», «Электроавтобуслар» каби аттракционлар шулар жумласидандир.
Боғ ҳудудини ободонлаштириш жараёнида барча ёритгичлар янгиланди ва фавворалар қайта таъмирланди. «Аквапарк» сув мажмуасида мавсумолди тайёргарлик ишлари олиб борилди. Ўйингоҳ ва аттракционларда хавфсизликни таъминлаш бўйича доимий равишда тегишли чоралар кўрилмоқда.































