Маълумки, Муҳтарам Президентимизнинг «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3651-сонли Қарори асосида мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини яратиш ҳамда унинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида бир қанча вазифалар белгиланган.

Мазкур белгиланган вазифаларни ижросини самарали ва тизимли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш Давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва «ASIA ALLIANCE BANK» АТБ ўртасида, давлат-хусусий шерикчилик асосидаги битимларга асосан мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун умумий қийматда 20,040 млрд. сўм миқдорида келишувлар расмийлаштирилди.

Ушбу келишувларга асосан жамғармадан жами 20,040 млрд. сўм маблағлар тўлиқ жалб қилинди ва Қашқадарё вилоятида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини молиялаштириш учун мавжуд 30 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги битимлар бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун банкнинг Қарши филиали томонидан маблағ ажратилди.

Бугунги кунда ташаббускорлар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига мактабгача таълим муассасаларини ташкил этилиши белгиланган объектларда режалаштирилган қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида бугунги кунда 24 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари тегишли лицензиялар асосида ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш мақсадида давлат-хусусий шерикчилик асосидаги битимларга асосан 3,7 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилди. Шундан, мазкур туманнинг «Ёшлик» МФЙда «Жозибали овоз-теремок» НМТ номли ташаббускорнинг нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш лойиҳаси учун 3,0 млрд. сўм ёки ушбу туманга йўналтирилган маблағнинг 81 фоиз маблағлари ажратилди.

Ҳозирда ушбу муассаса банк маблағлари ҳамда ташаббускорнинг ўз маблағлари ҳисобидан фаолиятини бошлади.