Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомга киритилиши режалаштирилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар:
16-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“16. Республика ҳудудига олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларнинг яроқлилик муддати умумий яроқлилик муддатининг 80 фоизидан кам бўлган тақдирда ҳамда маҳсулотларга тегишли ҳужжатлар тўплами тўлиқ тақдим этилмаслиги, шунингдек ўтказилган лаборатория таҳлилларининг салбий натижалари санитария-эпидемиологик хулоса беришни рад этиш учун асос ҳисобланади. Бу ҳақида давлат санитария-эпидемиология назорати маркази қонун ҳужжатларининг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда ариза берувчига ёзма шаклда маълум қилади.”.
Қуйидаги мазмундаги 16-1 - 16-3-бандлар билан тўлдирилади:
“16-1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган ёки четдан олиб келинаётган маҳсулотларни экспертизадан ўтказишда, ўтказилган лаборатория таҳлиллари натижасига кўра, уларни истеъмол қилишга ҳамда фойдаланишга яроқсиз деб топилган тақдирда, санитария врачи томонидан икки нусхада далолатнома тузилади. Бунда маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ёки уни олиб келувчи тўғрисидаги маълумотлар, маҳсулот қаердан келтирилганлиги, номи ва тури, оғирлиги, миқдори, тўплами, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати (қадоқланган маҳсулотларнинг идишлари ва бошқалар) ҳамда ушбу маҳсулотлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга номувофиқлиги кўрсатилади.
16-2. Тузилган далолатнома ва ҳужжатлар тўплами бош врачга тақдим қилинади. Бош врачнинг кўрсатмаси билан истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотни ишлаб чиқариш ёки ундан фойдаланиш ёхуд республикага импорт қилишни тақиқлаш тўғрисида қарор тайёрланади.
Қуйидаги ҳолларда маҳсулотларнинг республика ҳудудига киритилиши тақиқланади:
озиқ-овқат маҳсулотларнинг яроқлилик муддати умумий яроқлилик муддатининг 80 фоизидан кам бўлганда;
озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро аккредитациядан ўтган лаборатория комплекслари томонидан сертификатланган бўлмаса;
ўта хавфли юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи микроорганизмлар билан зарарланганлиги аниқланганда;















