«Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят аъзолари. Бугун юртимизда жуда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Тадбиркорлар учун имкониятлар яратилмоқда. Шу халқ учун завод фабрикалар қуриб аҳолини иш билан таъминлаётган тадбиркорларимизнинг борлиги таҳсинга сазовор. Бироқ, бу имкониятдан нотўғри фойдаланиб, ўз фойдаси йўлида иш юритаётган тадбиркорларга қандай баҳо бериш мумкин?

Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани «саноат зонаси»да инсон ҳаёти учун хавфли саналган минерал ўғит ва фосфор ишлаб чиқариш учун кичик корхона ва кимёвий база қурилмоқда. Ушбу корхона тумандаги «Самарқанд» ҳамда «Ғафур Ғулом» МФЙ ҳудудидаги аҳоли яшаш пунктларидан атиги 200 метр нарида жойлашгани бизни ниҳоятда ташвишлантиряпти.

Биз ушбу кимёвий ўғит ишлаб чиқариш комбинатининг инсон саломатлиги учун зарари борасида деярли барча мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик. Ижобий натижа кўрмадик.

Ушбу муаммо тўлиқ бартараф этилишида беминнат ёрдамингизни аямайсиз деган умидда сизга мурожаат қиляпмиз.  Ҳурмат билан, Ғаллаорол тумани «Самарқанд» ва «Ғафур Ғулом» маҳалла фуқаролар йиғини аҳли».

300 киши имзолаган ушбу мурожаатнинг қисқача мазмуни шундан иборат эди. Сайт таҳририятига арзнома йўллаган ғаллаороллик юртдошларимиз билан уларни қийнаётган муаммо юзасидан учрашдик.

Саҳардан кун қизиди. Қуёшнинг ўткир тиғига чидаш қийин. Ҳаво ҳарорати 44 даража бўлишига қарамасдан, мурожаатда келтирилган Ғаллаорол тумани «саноат зонаси»даги «Ғаллаорол калий фосфат» МЧЖ минерал ўғит, калий сульфат ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳовлисида бизни кутиб турган юртдошларимиз (уларнинг аксарияти кекса кишилар эди ) билан шикоят юзасидан суҳбатлашдик.

«Мен шу маҳаллада яшайман, нафақадаман. Айни дамда тинчгина яшасам бўлади, аммо бундай қилолмайман. Бу кимёвий база нега айнан Ғаллаоролда қуриляпти? Инсон саломатлиги учун ўта хавфли ҳисобланадиган бу завод қурилмаслиги учун барча тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Ҳеч ким дардимизга қулоқ солмади. Келажак авлоддан хавотирдамиз. Бу ҳаводан қандай нафас оламиз? Экин, чорваларимиз нима бўлади? Бунинг устига, туман марказидан тортиб келинган газ қувурлари талаб даражасида эмас. Эски, фойдаланилган газ қувурларини ўрнатишган. Агар улар дош беролмай ёрилиб кетса, бунинг бадалини ким тўлайди? Нега бу корхона аҳоли пунктга яқин жойда жойлашган? Бизни саволларимизга кимдир жавоб берадими?!», — деди маҳалла фаоли Асрор Шойзақов.