Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси кемачилиги соҳасида хавфсизликни таъминлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:
       
Ўзбекистон Республикаси ички кема йўлларида сузиш қоидалари;

Дарё транспортини техник ишлатиш қоидалари;

Дарё транспортида юк ташиш қоидалари тасдиқланиши мумкин.

Ички кема йўлларида сузиш қоидаларига кўра, улар Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўллари ҳамда табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзаларида сузиш даврида сузиш воситаларини ишлатиш ва фойдаланиш, кемалар юрадиган сув йўллари ва сув иншоотларини сақлаш билан боғлиқ кемачилик билан шуғулланаётган кемаларнинг экипажлари, юридик шахслар ва якка тадбиркорларга татбиқ этилади.

Ички кема йўлида ҳаракатланувчилар бошқа ҳаракатланувчиларнинг ҳаракатланишига хавф туғдирмасликлари керак. Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга навигация белгиларини ва ҳаракатланишни ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш ва шикастлантириш тақиқланади.

Қоидаларнинг бажарилмаганлиги ёки кемани одатдаги бошқариш амалиёти ёки мазкур ҳолатнинг алоҳида вазиятларига риоя этиш талабларига бефарқлик, бирор-бир эҳтиётсизлик туфайли юз берадиган оқибатлар учун жавобгарликдан озод этмайди.

Кемаларнинг ва таркибларнинг габаритлари йўл габаритларига мос бўлиши керак. Бу талабларни бажармаганлик учун қуйидагилар жавобгар ҳисобланадилар:

диспетчер – габарити мос бўлмаган кема ва таркибни жўнатиш учун берган буйруғи учун;

рейд капитани – таркибга кемаларни нотўғри жойлаштиргани ва габарити мос бўлмаган таркибни шакллантиргани учун;

кема капитани – габарити мос бўлмаган таркибни шатакка қабул қилгани ва қатновга чиққани учун.

Кемаларнинг жиҳозлари, таъминоти, техник ҳолати ва экипаж билан бутланганлиги Регистр Қоидалари ва ушбу Қоидалар талабларига жавоб бериши шарт.

Ички кема йўлларида сузишга, ўрнатилган тартибда кема реестрига киритилган кемаларга рухсат этилади.