Қашқадарё вилоятининг Касби туманида «Новот Ниёз» фермер хўжалиги фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг раҳбари, 45-50 йилдан буён чорвачилик билан шуғулланиб келаётган Акрам Новотов бугунги кунда қатор тўсиқларга дуч келмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Чори Кўчаров фермерга нисбатан ўта ҳақоратли муносабатда бўляптики, бу бир фуқарони камситиш, хусумат сақлашга айланиб қолган.

50 даража иссиқда автобусга қамалган фермерлар

Шу кунларда ижтимоий тармоқда Касби тумани фермерлари семинарга деб дала майдонига йиғилгани, кейин уларнинг орасидаги 10дан ортиқ киши ИИБ автобусига солиб олиб кетилгани, бу худди жиноятчиларни ушлашга ўхшаш операцияга ўхшаб кетиши ҳақидаги хабарлар тарқалди.

«Новот Ниёз» фермер хўжалиги раҳбари Акрам Новотов ҳам ушбу семинарга чақирилган, лекин у семинарга ўз ўрнига иш бошқарувчиси Фаррух Дўстмуродовни юборган.

«Менга 14 июль куни собиқ «Қашқадарё» хўжалиги ҳудудида туман ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров семинар ўтказиши, унга барча келиши кераклигини маълум қилишди. Ўша кунлари тобим йўқ эди. Аммо шундай бўлса-да кундалик фермерлик ишлари билан банд бўлдим. Семинарга эса ўрнимга иш бошқарувчим Фаррух Дўстмуродовни жўнатдим. Чунки унга ишонаман, мутахассислиги бўйича, қишлоқ хўжалиги соҳасида илми етарли.

Аммо ИИБ бошлиғи «Акромнинг ўзи етиб келсин, агар мазаси бўлмай ётган бўлса, «скорий» машинаси боради. Ўшанда келсин...», деб бақирган. Мен қандай бора олардим ахир? Ўша куни, яъни 14 июль куни ҳаво жуда иссиқ, 50 даражага етган эди. Яна қоқ пешин пайти. Бу атайин уюштирилаётгани маълум эди...», дейди бу ҳақда фермернинг ўзи.

Акром Новотовнинг иш бошқарувчиси Фаррух Дўстмуродов ўша ерда бўлган воқеалар ҳақида гапириб берди.

«Мен «Новот Ниёз» фермер хўжалигининг қонуний иш бошқарувчисиман. Бу бўйича етарли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўша куни семинарга борганимда туман ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров «Сен семинарда қатнашмайсан, фермерни топиб кел, унинг ўзи келсин», деди. Мен унга фермернинг қонуний иш бошқарувчиси эканлигим, барча семинарларда иштирок этиб келишимни айтсам ҳам рози бўлмади. Ўша куни маҳбуслар ташийдиган махсус машина («зековоз») далага олиб келинган экан. Назаримда, фермерларни шу машинага солиб кетиш ниятлари бўлган», дейди у.