Ўзбекистон | 18:00 / 30.07.2019
14747
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги: «Айни шу вақтда 1198 нафар ватандошимиз Россия изоляторларида»

Бугун, 30 июль куни Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари миллий Маркази томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишланган брифинг ўтказилди. Ушбу тадбирнинг иккинчи қисмида Меҳнат вазирининг ўринбосари Баҳодир Умрзоқов ҳам нутқ сўзлади.

«Одам савдоси, асосан, меҳнат мигрантлари орасида учрайди. Ҳуқуқи топталган ушбу шахсларга ҳозирги кунда кўплаб амалий ёрдамлар берилмоқда. 2 йил ичида 86 нафар меҳнат мигрантининг жасади ватанга қайтарилди. Улар оиласи билан хайрлашиб, яхши ниятларда йўлга чиққан. Тан оламизми ёки йўқ, биз донор давлатимиз. Юртимиздан кетган мигрантларнинг 3.142.000 нафари Россия давлатига тўғри келмоқда. Улар пешона териси билан пул топиб жўнатади. 2013 йилнинг ўзида 7 миллиард долларга тенг маблағ жўнатилган. Шу сабабли, бу мавзу ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳимдир.

Одам савдосининг олдини олиш мақсадида Россиянинг бир неча жойларида ваколатхоналаримизни очдик. Ҳозирда 1198 нафар ватандошимиз Россия изоляторларида сақланмоқда. Биз уларнинг ҳам ҳолидан хабар олиб турибмиз. Ўзга юртда қийналиб ишлаб, кейин ватанга қайтган фуқароларимизни касбларга қайта тайёрлаяпмиз. Россияда 300-400 доллар учун оғир меҳнат қилишган бўлса, биз қайта тайёрлаганимиздан сўнг, “сити”лар қурилишларида ишлашмоқда. Уларнинг даромади 800-1000 долларгача етмоқда. Муҳожирликда кўча супуришда юрган ёшларимиз бу ерга қайтиб 18 хил йўналишдаги касбларга тайёрланмоқда», - дейди вазир ўринбосари.

Ушбу брифинг давомида кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилди, халқаро экспертлар таклифлари тингланди.

Мавзуга оид