Дунёнинг энг сара 100 инфлюенсери Ўзбекистонга келмоқда
Тошкент шаҳрида World Influencers Congress ("Жаҳон Инфлюенсерлари Конгресси") биринчи халқаро конгресси бўлиб ўтади. Унинг доирасида дунёнинг энг сара 100 нафар блогери Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюради. Тадбир Ўзбекистон раҳбариятининг юртимизга келаётган сайёҳлар сонини ошириш ҳамда халқаро майдонда мамлакат имижини яхшилаш учун инновацион усулларни қўллашга доир топшириғи ижроси сифатида ташкил этилмоқда. Kun.uz мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаевдан олинган маълумотлар асосида шу ҳақида хабар берди.
Маълумот учун: «Инфлюенсер» ёки нуфузли шахс (инглизча - influencer) - бу муайян аудитория учун фикри муҳим аҳамият касб этувчи кишилар. Инфлюенсерларнинг Facebook, YouTube, Instagram, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда обуначилари кўп бўлади. Улар бугунги кунда брендни оммалаштиришдаги энг машҳур, тежамли ва самарали усуллардан бўлган рақамли маркетинг локомотиви ҳисобланади.
Беҳруз Ҳамзаевнинг таъкидлашича, Биринчи Жаҳон Инфлюенсерлари Конгресси - бу дунёнинг етакчи блогерлари, рақамли фикрлар етакчилари, ижтимоий тармоқлар учун контентлар яратувчилар ва трендсеттерларга мўлжалланган платформадир. Конгрессга ташриф буюриши кутилаётган ҳар бир инфлюенсерларнинг обуначилари 1-15 миллион кишини ташкил қилади.
"Конгресс доирасида янги «B2I» (Business2Influencer) форматидаги учрашувларни ўтказиш режалаштирилмоқда, унда маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда инфлюенсерлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилишга доир келишувга эришиш имконига эга бўлади. Бу ўз маҳсулотлари, бренд ва корпоратив имижини замонавий усуллар орқали тарғиб қилишдан манфаатдор барча компаниялар учун ажойиб имкониятдир. Бугунга келиб инфлюенсерлар иштирокидаги кампаниялар энг муваффақиятли ҳисобланади, зеро миллениаллар фикрлар етакчилари постларини ёвларча ёки реклама сифатида қабул қилишмайди, аксинча, уларнинг фикрига қулоқ тутишади", - дея таъкидлади Ҳамзаев.
Конференция 2019 йилнинг август ойида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда дунёнинг энг сара фикрлар етакчилари, инфлюенсерлари, блогерлари, нуфузли шахслари, медиа-персоналар ва интернетдаги бошқа таниқли кишилар иштирок этишади.
Маълум қилинишича, конгресс доирасида 100 га яқин халқаро даражадаги инфлюенсер иштирок этиши кутилмоқда, бугунга келиб уларнинг 70 нафари тадбирда қатнашишини тасдиқлаган.
Тадбирнинг расмий қисми тугаши билан Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари - Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивага промо-тур ташкил қилинади ва у ерларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини очиб берувчи ажойиб фото, видео ва ёзма материаллар тайёрланади.
"World Influencers Congress» (WIC) тадбиримизда ўз иштирокини тасдиқлаган инфлюенсерларнинг «Instagram», «Facebook» ва б., шунингдек «Youtube» видеохостингидаги обуначиларининг умумий сони 109 миллионга яқинни ташкил қилади. Шундай экан, ушбу инфлюенсерларнинг платформаларида нашр этилган материалларнинг кўздан кечирилиши 7,7 миллиард мартани ташкил қилади", - дея маълум қилди Беҳруз Ҳамзаев.
Мазкур конгресснинг ўтказилиши мамлакат бренди танишилишини ҳамда халқаро рақамли майдонда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини очиб берувчи контент сифатини сезиларли даражада оширади, бу эса, ўз ўрнида, мамлакат имижи билан чамбарчас боғлиқдир.
“Конгресснинг ижобий томонларидан яна бири туристик оқимнинг “ёшариши”дир, зеро инфлюенсерлар аудиториясининг асосий қисми 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган кишиларни ташкил қилади. UNWTO маълумотларига кўра, ушбу ёш тоифасидаги кишилар томонидан амалга ошириладиган туристик саёҳатлар сони 2020 йилгача 320 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бу эса ёш тоифалари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади ва сайёҳлар умумий сонининг 29 фоизига тенглаштирилади”, - қўшимча қилади Қўмита раиси маслаҳатчиси.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024