Ўзбекистон | 13:57 / 03.08.2019
156214
2 дақиқада ўқилади

Жаслиқдаги маҳкумлар билан энди нима бўлиши очиқланди

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани, Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси тугатилди.

19-сон ЖИЭКнинг бинолари, иншоотлари ва мавжуд мол-мулкларини Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Нукус шаҳрида жойлашган 2-сон тергов ҳибсхонаси балансига ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифга розилик берилди.

19-сон ЖИЭК ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг эгаллаб турган лавозими бўйича пул таъминоти ва ижтимоий имтиёзлари мазкур қарорга мувофиқ ташкилий-штат ўзгаришларига асосан уларнинг лавозимга қайта тайинланиши, контрактининг тугатилиши ёки пенсияга чиқишига қадар сақлаб қолинади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

бир ҳафта муддатда мазкур қарорга мувофиқ тугатиш комиссиясини ташкил этади ва 19-сон ЖИЭКни тугатиш бўйича белгиланган тартибда комплекс ташкилий-ҳуқуқий чораларни амалга оширади;

бир ой муддатда 19-сон ЖИЭК маҳкумларини суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ равишда ички ишлар органларининг бошқа жазони ижро этиш колонияларига юборилишини ташкил этади;

маҳкумларни янги озодликдан маҳрум этиш жойларига кўчириш вақтида 19-сон ЖИЭК шахсий таркиби ўртасида юқори жанговар шайликни ва хизмат интизомига риоя этилишини таъминлайди.

Бундан олдин, Жаслиқдаги колония ёпилиши хабар берилганди.

Мавзуга оид