Ўзбекистон президентининг «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ф-5491 фармойиши қабул қилинди.
Фармойишда белгиланишича, ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Фармойишга кўра, 2019 йил 5 августдан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари қуйидагича 3 босқичда амалга оширилади:
· ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
· Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади;
· хулоса бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.
Шунингдек, президент фармойиши билан қуйидагилар тасдиқланган:
· ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби;
· хатловдан ўтказишга кўмаклашиш учун ҳудудларга бириктириладиган масъуллар рўйхати;
· хатловдан ўтказиш ҳамда уларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.
Республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи раҳбари этиб бош вазир ўринбосари — молия вазири Ж.Қўчқоров тайинланган.
Шунингдек, ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари М.Абдуллаев, бош прокурор ўринбосари С.Саидкаримов, иқтисодиёт ва саноат вазири Б.Хўжаев, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Зокиров, адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев, давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев, ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Абдуллаев, давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ҳайдаров, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази директори Д.Зиёмуҳаммедова, Президентнинг давлат хавфсизлиги хизмати масъул ходими Т.Ниёзов, давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими Р.Турсунов ишчи гуруҳ таркибига киритилган.















