Ўзбекистон | 18:40 / 06.08.2019
18494
4 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимлари учун махсус кийимлар жорий этилмоқда

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ички ишлар органларининг моддий-техник таъминотини ҳозирги замон талабларига мос равишда такомиллаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази томонидан 2019 йил март ойида ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимларини ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида ва лаборатория шароитида фойдаланиши учун махсус кийимлар билан таъминлаш тўғрисидаги таклифлар тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар (мурдалар, инсон танаси бўлаклари ва суяк қолдиқлари, қон доғлари ва бошқа биологик ашёвий далилларни олиш билан боғлиқ) ҳодиса жойларини кўздан кечиришда эксперт-криминалистнинг ўзидан соч толаси ёки микрозаррача каби ашёлар қолишини олдини олиш, жиноятга алоқадор ДНК намунаси, пойабзал излари, қўл-бармоқ излари, микрозаррача ва биологик турдаги олинадиган ашёвий далиллар тозалигини таъминлаш мақсадида комбинезон, нафас олиш аъзоларини ҳимояловчи ниқоб (респиратор), кўзни ҳимояловчи пластик кўзойнак, резина қўлқоп (жарроҳликка оид), пойабзал учун бахилалардан иборат махсус кийимини жорий этиш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Шунингдек, таклиф этилаётган сув ўтказмайдиган матодан тайёрланган енгил куртка сутканинг намгарчилик об-ҳаво шароитида очиқ жойда ишлаётган мутахассисни ёпинишини таъминлайди ҳамда юкни енгиллаштирувчи нимча ва бош кийими турли хилдаги асбобларни, яъни чўтка, қайчи, валик, скотч ва бошқаларни қўллаш билан боғлиқ ҳодиса жойини кўздан кечиришда қулайлик яратади. Шунингдек, енгил куртка ва нимчада нур қайтарувчи тасмасини мавжудлиги мутахассисни сутканинг тунги вақтида ўтказиладиган кўздан кечиришда хавфдан сақлашга хизмат қилади.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Баланд қўнжли резина этикдан ботқоқли дала ҳудудлари, ёнғин содир бўлган объектлар, электр токи шикаст етказиш хавфи мавжуд бўлган жойлар, лой-кўлмакли подваллар ва бошқа зарурият жойларни кўздан кечиришда фойдаланилади. Лаборатория шароитида фойдаланиладиган халат ва шим мутахассисга тадқиқотлар ўтказиш жараёнида қулайликлар яратади.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ушбу махсус кийимлар жорий йилнинг баҳор ойларида Тошкент шаҳар ИИББ Эксперт-криминалистика маркази ходимлари томонидан синовдан ўтказилди ва киритилган таклифларга асосан янада мукаммаллаштирилди.

Айни вақтда махсус кийимлар Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Эксперт-криминалистика бўлинмаси ходимлари томонидан синов тариқасида фойдаланилмоқда.

Мазкур махсус кийимлар ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимлари томонидан ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида ашёвий далилларни тўплаш, уларни олиш ва қадоқлаш ишларини сифатли ташкил этишда ҳамда лаборатория шароитида ишлашда қулайликлар яратади.

Мавзуга оид