Жаҳон | 15:00 / 10.08.2019
37555
2 дақиқада ўқилади

«Дабдабали дастурхон - миллатга ҳурматсизлик». Имомали Раҳмон тожикистонликларни Қурбон ҳайити билан табриклади 

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Ҳайит намозини адо этиш, ҳаж маросимларини бажариш ва қурбонлик келтириш Қурбон ҳайити байрами куни ислом дини кўрсатмаларидир. Бу ҳақда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакат халқига табригида айтиб ўтди.

Президент ўз мурожаатида эслатишича, «Ҳаж ва қурбонлик келтириш қоидаларига риоя қилиш фақат тўкин ҳаёт шароитларига ва кенг моддий ҳамда молиявий имкониятларга эга бўлганларга мос келади». Бу ҳақда Тожикистон етакчисининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Бундай шароит ва имкониятларга эга бўлмаган, ҳаётида молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган одамлар учун қурбонлик келтириш ҳамда садақа бериш - адолатсиз иш. Улар ўзларининг муносиб ишлари ва юқори ахлоқий хатти-ҳаракатлари билан Яратганнинг марҳаматига умид қилишлари мумкин», - деди у.

«Кенг моддий имкониятга эга бўлганлар эса, қурбонликка келтирилган ҳайвон гўштининг бир қисми ва бошқа садақаларни бундай кишиларга, яъни кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга бериши керак», - дея эслатди президент.

«Жамиятимиздаги баъзи одамлар байрам дастурхонини ёзишда ҳамон исрофгарчиликка йўл қўймоқда, шу тариқа улар оилавий бюджетга ҳам зарар етказмоқда. Натижада, ушбу байрамнинг ахлоқий, маънавий ва тарбиявий жиҳатлари унутиляпти, шу жумладан камтарлик. Буларнинг барчаси дабдабали ҳаракатлар, яъни истеъмол қадриятларига алоқадор. «Муқаддас Ислом динининг асослари шундайки, уларда мусулмон киши ўз қўли билан оиласи фаровонлигига путур етказадиган ишларни қилиши ҳеч қачон қабул қилинмайди», - деди давлат раҳбари.

«Азиз ватандошлар, барчангизни Қурбон ҳайити байрами муносабати билан табриклайман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга фаровонлик тилайман», - дея Тожикистон халқини табриклаган Имомали Раҳмон.

Бундан олдин, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклаганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид