«Волонтёрлик» деганда кўнгилли бўлиб жамоат ишларида қатнашиш назарда тутилади. Бошқача айтганда, волонтёрлар ўзининг шахсий манфаатидан ташқарига чиқиб, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади. Жуда кўп ҳолларда буни нотўғри талқин қилишади ва мажбурий фаолият тури сифатида талқин қилинади. Ўзбекистонда мажбурий-ихтиёрий волонтёрлик асосан умумхалқ байрамларида ҳашар шаклида ташкил этилади. Ҳозирги пайтда ёшлар кўнгилли бўлиб маълум жойда ўз фуқаролик позициясини кўрсатишдан қочишга ҳаракат қилишади. Нега шундай? Чунки бу йўналишнинг моҳияти тўлиқ англашилмаган. Натижада, тушунча нотўғри шаклланган ва ёшларга ҳам шу тахлитда сингдирилган.    

«Кўнгилли бўлиб жамоат ишларида қатнашиш боқимандалик кайфиятини йўқотишга ёрдам беради»

Ҳарвард Тиббиёт мактаби тадқиқотчиси Жамшид Жамбулов:

— АҚШ мактабларидан бирида ўқиб юрган пайтимда волонтёрлик дастурларига қатнашганман. Дарслардан кейин камбағалларга овқат, кийим-кечак тарқатиш, атроф-муҳит тозалигига кўмаклашиш каби ишларни бажарганмиз. Мисол учун, ҳар ҳафта камбағаллар уйига бориб, кийим тарқатиш, таом тайёрлаш, тозалик ишларини олиб боришда ёрдамлашардик. Шу тариқа волонтёрлик соатлари ҳисоблаб бориларди. Йиғилган миқдорга қараб мукофот белгиланади (олтин, кумуш, бронза медаль). Оқ уй қошида Миллий ва жамоатчилик хизмати бор. Шу ташкилот волонтёрларни рағбатлантириш учун президентнинг волонтёрлик хизмати мукофотини беришда вакиллик органи ҳисобланади. Жамоат ишларида фаоллик кўрсатганларга алоҳида эътибор беришдан мақсад ёшларда жамиятга дахлдорлик ҳиссини уйғотишдир. Волонтёрликнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, олий ўқув юртига ҳужжат топшираётганда ёки ишга киришда бу алоҳида ҳисобга олинади.

Волонтёрликнинг фойдали жиҳатлари: маҳаллий ҳамжиҳатликни қарор топтиради, одамлар орасида дўстона муносабатларни шакллантиради. Бизда ҳам волонтёрлик хизматларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Тасаввур қилинг: Президент Шавкат Мирзиёев номидан шахсан ёзилган мактубни қабул қилсангиз, қанчалик фахрга тўласиз. Бунинг ортида бир маъно бор: сиз жамиятнинг бир бўлаги эканлигингиз, эътибордан четда эмаслигингизни англатиб туради. Ўзбекистонда волонтёрлик асосан ҳашар кўринишида ташкил қилинади. Унинг бошқа йўналишларини ҳам ташкиллаштириш лозим. Энг муҳими, волонтёрларга қилган ишлари учун кичкина бўлса ҳам рағбат бўлиши керак.

Ёшлар волонтёрликдан қандай фойда кўриши мумкин? Уларда боқимандалик кайфияти бироз бўлса-да, чекинади. Ҳаммасини давлат қилиб бериши керак, деган тушунча йўқолади. Мен ҳам жамиятнинг бир бўлаги эканман, деб ўйлай бошлайди, мустақил фикрлашга чорлайди, ижтимоий масъулиятни оширади.

«