Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилояти туман ва шаҳар секторлари раҳбарларининг ҳудудларни комплекс ривожлантиришдаги жавобгарлигини ошириш ва юқори натижаларга эришган раҳбарларни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 8 августдаги ПҚ–3182-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар секторлар раҳбарларининг асосий вазифалари этиб белгиланган:

уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирларни ўтказиш;

ижтимоий муҳофазанинг манзиллилиги, истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлиги, ижтимоий соҳа объектлари, энг аввало, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, уларнинг табиий, иқтисодий ва инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қурилиши тугалланмаган объектлардан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, жойларда замонавий бозор инфратузилмасини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

деҳқон хўжаликлари, томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш бўйича чоралар кўриш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларни, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика қилиш ҳамда уларни барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан ишларни ташкил этиш.

Белгиланишича, секторларга бириктирилган ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишларни сифатли ташкил этиш ва улар самарадорлиги учун тегишли сектор раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.