Фуқаро Отабек Нуриддиновнинг Тошкент шаҳар хокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ижтимоий тармоқ орқали қилган мурожаатини бугунги кунга қадар бир қанча сайтлар ва ўнлаб гуруҳлар қизғин муҳокама қилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси мутахассислари мурожаатда кўтарилган масалага ойдинлик киритишга уриниб кўрди.
“Онлайн тарзида ёзилган мурожаат албатта аниқ манзилга жўнатилган ва, табиийки, хокимнинг ўзи ушбу мурожаатга жавоб бериш ёки бермаслик, бу унинг ихтиёри”, - дейилади қўмита муносабатида.
Ўз навбатида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси мутахассислари мурожаатда кўтарилган масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилган:
Crafers компанияси бўйича:
2019 йил 1 август ҳолатига республика ҳудудида 600дан ортиқ хўжалик юритувчи субъект қандолат маҳсулотларини (ассортиментда) ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шунингдек, ушбу маҳсулот бозорида жуда катта миқдорда импорт қилинган маҳсулотлар мавжуд бўлгани сабабли ушбу бозор анча паст концентрациялашган, рақобат эса юқори даражада ривожланган.
Бундан ташқари, бозордаги улушлар таҳлил қилинганда, қайсидир хўжалик юритувчи субъектнинг устун мавқега эга эканлиги аниқланмади. Оддий қилиб айтганда, “Crafers” қандолат маҳсулотлари бозори ҳолатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Artel компанияси бўйича:
2019 йил 1 август ҳолатига Ўзбекистонда 10тадан кўп компания электр маиший техникасини (йирик ва майда) ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Статистика органларидан олинган маълумотларига кўра, бугунги кунда 100дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар “Artel” компанияси ишлаб чиқараётган маҳсулотларга ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва импорт қилиш билан шуғулланиб келмоқдалар.
Akfa Group компанияси бўйича:
2019 йил 1 август ҳолатига республика миқёсида пластмассадан эшик ва ром ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг сони 180тадан ошган.
Бундан ташқари, мазкур бозорда алюминийдан эшик ва ром ишлаб чиқарувчи 400тадан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар ҳам фаолият кўрсатадилар.
Умуман олганда, ушбу бозорда ҳам концентрация даражаси паст, рақобат эса етарли даражада ривожланган.







