Солиқ қонунчилигига ўзгаришлар киритилиши кутиляпти
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 184-моддасининг (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг содир этилган жиноят ҳақидаги хабарини олган кундан эътиборан
ўн кун ичида молиявий жаримани ҳамда ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади”.
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади:
174-модда (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилади:
“ҳуқуқбузарлик содир этган шахс солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа жавобгарликдан озод бўлади”;
164-модда (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилади:
“Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этган шахс солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, жавобгарликдан озод этилади”;
271-модданинг (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 11-бандидаги “164-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида” ва “174-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида,” деган сўзлар чиқариб ташланади.
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади:
109-модда (Солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликдан озод қилиш) қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилади:
“Солиқ тўловчи аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, Солиқ тўловчининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади”;
197-модда (Солиқ тўловчилар) учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Ягона солиқ тўловини тўловчилар бўлган юридик шахслар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига йилнинг навбатдаги ойи бошлангунига қадар ўн иш кунидан кечиктирмасдан, янги ташкил этилаётган ягона солиқ тўловини тўловчилар бўлган юридик шахслар эса фаолият бошлангунига қадар тақдим этиладиган ёзма хабарномага асосан ихтиёрий асосда қўшилган қиймат солиғини тўлаши мумкин”;
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилади:
“Қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтган солиқ тўловчилар (хўжалик юритувчи субъектлар) давлат солиқ хизмати органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт”;
218-модда (Ҳисобга олинадиган солиқ суммаси) биринчи қисм қуйидаги мазмундаги 6 - банд билан тўлдирилади:
“6) товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган бўлса”;
олтинчи қисмининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтилганда, шу жумладан белгиланган йиллик айланманинг (олинган тушумнинг) энг кўп миқдоридан ошган ва (ёки) қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий тўлашга ўтилган тақдирда, юридик шахс сўнги 12 ой давомида харид қилинган товар-моддий захираларнинг қолдиқлари, узоқ муддатли активлар бўйича, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда ўтилган пайтдан эътиборан реализация қилиш ҳажмига мос келадиган улушда қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади”;
226-1-модда (Соддалаштирилган тартибни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари) иккинчи қисмининг учинчи хатбошидаги “бир ой олдин” деган сўзлар “ўн иш кунидан олдин” деган сўзлар билан алмаштирилади;
351-модданинг (Ягона солиқ тўловини қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари) тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Солиқ тўловчилар ягона солиқ тўловини тўлашдан ихтиёрий равишда воз кечган тақдирда, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин ўн иш кунидан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органларига тақдим қилинадиган ёзма хабарнома асосида кейинги ойдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади”;
354-модда (Махсус қоидалар) тўртинчи қисмининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиш учун ҳисобот ойи бошланишидан олдин ўн иш кунидан кечиктирмасдан, янги ташкил этилган юридик шахслар эса ўз фаолиятини амалга оширишни бошлагунига қадар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ёзма хабарнома тақдим этади”.
Мавзуга оид
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
11:49 / 20.06.2024
Маҳаллий кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
13:23 / 09.04.2024
Депутатлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига оид қонунни қабул қилди
15:29 / 27.02.2024