Ўзбекистон | 15:31 / 22.08.2019
5048
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «Маҳаллий кенгаш депутатлари фаол эмас, кузатувчи мақомига тушиб қолган»

Олий Мажлис Сенати биносида эртанги XXI ялпи мажлис олдидан Сенат раиси Танзила Норбоева ОАВ ходимлари билан учрашув ўтказди. Анжуманда бугунги кунда жамиятда юз бераётган муаммоларни ҳал қилиш, ўз вақтида ечим топиш зарурлигига урғу берилди. Бунда маҳаллий кенгаш депутатларнинг ўрни нақадар муҳимлиги айтилди.

«Ҳозирги кунда маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Улар фаол эмас, кузатувчи мақомига тушиб қолган. Қуйи бўғиндаги, яъни туман кенгашлари жонлироқ ишлаганида эди, аҳолининг кўплаб мурожаатлари жойида ижобий ҳал бўлган бўларди. Фуқаролар улардан ўз муаммоларига ечим топа олишмаганидан кейин юқори турувчи органларга арз-додини айтишга мажбур бўлмоқда. Вазиятни тубдан ўзгартиришимиз керак. Шунча узоқ йўл босиб, ортиқча сарф-харажат қилиб келишларининг олдини олишимиз шарт. Муаммони қандай ечамиз? Энг аввало, депутатларни ўқитишимиз зарур. Муаммони қандай ҳал қилишни ўргата олсак, мурожаатлар сони камаяди», дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Норбоеванинг қўшимча қилишича, кейинги йилнинг январь ойида депутатларни ўқитиш тизими йўлга қўйилади ва шундан кейин муаммолар тизимли ва ўз вақтида ҳал бўлишига эришиш мумкин.

Мавзуга оид