Ўзбекистон | 16:49 / 23.08.2019
49092
2 дақиқада ўқилади

Андижонда шифокорнинг қўлини боғлаб, уни ёқиб юбормоқчи бўлган шахсга жиноий иш очилди

Фото: Скриншот

Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ходимларига таҳдид қилиб, улардан бирини ёқиб юбормоқчи бўлган шахсга нисбатан жиноят иши очилди.

«2019 йил 21 август куни соат 10:00ларда Хонобод шаҳар Тараққиёт 3-тор кўчасида яшовчи 1982 йилда туғилган Ф.А. бирга яшовчи онаси, 2-гуруҳ ногирони, 1955 йилда туғилган И.А.нинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли уни Андижон шаҳрида жойлашган Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг жароҳат оқибатлари ва ортопедия бўлимига олиб келиб, онасини шу бўлим мудирининг қабулига олиб кирмоқчи бўлган ва бўлим мудири билан ўрталарида келишмовчилик келиб чиққан. 

Шундан сўнг, Ф.А.нинг бундан жаҳли чиқиб, бўлим мудири қўлларини боғлаб, ўзи билан елим идишда олиб келган бензин ёқилғисини хонага сепиб, ўлдириш билан қўрқитаётган вақтида шу бўлимда ишловчи ходимлар Ф.А.ни ушлаб қолишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш),173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган», дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарида.

Бундан аввалроқ Андижон шаҳрида жойлашган Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида шифокорларга беморнинг қариндоши томонидан суиқасд уюштирилгани хабар қилинганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу воқеадан кейин яна бир бор шифокорларга ҳужум қилганлик учун кескин чоралар жорий этилишини сўради.

Мавзуга оид