Европада трансферлар ойнаси авжига чиққан бир пайтда лигалар янада қизиши турган гап. Бир қатор ўйинларда топ-юлдузларнинг дебютлари рўй берса, яна баъзи футболчилар учун бу ўйинлар сўнгги имконият сифатида баҳоланиши мумкин. Шунингдек, бу ҳафтадан кучли бешлик ҳам тўлиқ бўлади: Италия А Серияси бошланмоқда.

«УОТФОРД» - «ВЕСТ ҲЭМ» (24 август, 19:00)

Агар ҳақиқий АПЛнинг жозибасини, ҳеч қайси бошқа лигаларда кўрилмайдиган ҳароратини ҳис қилишни истасангиз, бу ўйинни ўтказиб юборманг. Топ-6 га ҳар томонлама яқинлашиб келаётган, ўз олдига лигада қолиш эмас, жадвалнинг юқори қисмидан жой олишни мақсад қиладиган икки жамоа мавсумдаги илк ғалабага эришиш учун тер тўкадилар.

«Уотфорд» қандай ҳайрон қолдиришни билади, эсингизда бўлса, ўтган мавсумнинг бошларида 5 тургача юз фоизлик натижа кўрсатиб, турнир жадвалини бошқарганди. «Вест Ҳэм» эса, сўнгги йилларда трансферлар учун энг фаол бўлган жамоалардан биридир. Айниқса, айнан тажрибали футболчиларни ўз сафига қўшиб олишга алоҳида эътибор қаратади. Сабалета, Уилшир, Эрнандес, Фабьянски каби футболчилар ўз вақтида топ-клублар сафида ўйнашган, Пеллегрини эса мураббий сифатида ҳатто Англия чемпиони ҳам бўлган.

«Вест Ҳэм» биринчи турда йирик мағлубиятга учраган бўлса-да, рақиб «Манчестер Сити» эди. Иккинчи турда жамоа ёмон кўринмади, «Брайтон»га қийин сафардан очко билан қайтилди. Аммо бу борада «Уотфорд» ҳайрон қолдиряпти ва ўтган августнинг тескарисини қайд этмоқда.

«Гуддисон»даги мағлубиятни тушунса бўлади, аммо очилиш ўйинида «Брайтон»дан ўз майдонидаги 0:3 ҳисобидаги мағлубиятни кечириш қийин. «Уотфорд» ҳали рақиб дарвозасини ишғол қила олмаган икки клубдан биридир. Демак, Грасия шогирдларида исботлаш керак бўлган ҳолатлар кўп.

Ўзаро ўйинларда тенгликни кўрамиз, масалан сўнгги 10 учрашувнинг 4тасида «Вест Ҳэм», 4тасида «Уотфорд»нинг қўли баланд келган. Ушбу стадионда ўтган сўнгги ўйинда эса, лондонликлар йирик - 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб кетишганди.

ШАЛЬКЕ – БАВАРИЯ (24 август, 21:30)

«Бавария» мана иккинчи йилдирки Нико Ковач бошчилигида Бундеслигани бироз ишончсиз бошламоқда. Ўз майдонида «Ҳерта»га қарши ўйиндаги дуранг мюнхенликларни илк турданоқ таъқибчи мақомига тушириб қўйди. Зеро, «Боруссия» ўз ўйинини ишончли ғалаба билан бошлади ва анча тетик кўринмоқда. Буни биз Суперкубок учун ўтказилган мана шу икки пешқадам ўртасидаги баҳсда ҳам кўрдик – дортмундликлар «Бавария» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.