Жаҳон | 08:24 / 27.08.2019
41824
2 дақиқада ўқилади

«Катта еттилик» саммитининг якуний баёноти бир варақ жой олди. Унда 5та масала ўрин олган

Фото: REUTERS / Jeff J Mitchell

Франциянинг Биарриц шаҳрида ўтган “Катта еттилик” саммити иштирокчиларининг якуний баёноти бор-йўғи бир вараққа сиғди ва савдо масалалари, Эроннинг ядро дастури, Украина, Эрон, Ливия ва Ҳонгконгдаги вазиятни ўз ичига олди.  

Рўйхатда биринчи банд бўлиб савдо масалалари турибди. Унда таъкидланишича, G7 очиқ ва адолатли халқаро савдо ва жаҳон иқтисодиёти барқарорлиги тамойилларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, “еттилик” иштирокчиларининг Жаҳон савдо ташкилотини самаралироқ қилиш учун бир нечта соҳалар бўйича ўзгартириш истаги билдирилган.

Эрон ядро дастури 2-банд бўлиб турибди. “Биз икки мақсад борасида тўлиқ якдилмиз: Эронда ядро қуролига йўл қўймаслик ва минтақада тинчлик ҳамда барқарорлик ўрнатилишига кўмак бериш”, деб таъкидлашган G7 аъзолари.

3-ўринда Украинадаги вазият турибди. Ушбу бандда Франция ва Германия яқин ҳафталарда “норманд формати”да учрашув ташкиллаштирмоқчилиги таъкидланган. 

Якуний баёнотнинг 4-бандида Ливия масаласига эътибор қаратилган. Катта еттилик” етакчилари ушбу давлатда ярашувни қўллаб-қувватлашади. “Биз сиёсий ечимгина Ливияда барқарорликни таъминлашга имкон беради, деб ҳисоблаймиз”, дейилган ҳужжатда. Унда “еттилик” етакчилари “Ливиядаги ихтилофнинг барча томонлари ва ҳудудий ўйинчилар иштирок этадиган пухта тайёрланган халқаро анжуманни” кутиб қолаётганлари таъкидланган.

Баёнотнинг охирги бандида Ҳонгконгдаги вазиятга тўхталган. Баёнот муаллифлари у ерда зўравонликдан қочишга чақиришган ва 1984 йилда Буюк Британия ҳамда Хитой ўртасида тузилган декларация муҳимлигини таъкидлаб ўтишган.

Мавзуга оид