Жаҳон | 18:38 / 29.08.2019
8245
2 дақиқада ўқилади

Мисрда телебошловчи семиз инсонлар шаънига айтган сўзлари учун телевидениедан бир йилга четлаштирилди

Фото: Mohamed Abd El Ghany/Reuters

Мисрда таниқли бўлган телебошловчи Рихам Саид семиз инсонлар ҳақида айтган сўзлари учун эфирдан бир йилга четлаштирилди, деб хабар берди Sky News Arabia телеканали. 

Рихам Саид

ОАВни тартибга солиш масалалари бўйича Миср олий кенгаши ана шундай қарор қабул қилди.

Бир оз муддат аввал Рихам Саид ёшларга оид телекўрсатувда ортиқча вазн қўйган мисрликлар ҳақида кескин фикр билдирганди. Айниқса, Саид тўла аёлларни "оила ва мамлакат учун ортиқча юк", "ўлик", "хунук" ва "эрга тегиш истиқболидан маҳрум" деб атаганди.

Телебошловчининг танқиди Миср аҳолиси орасида норозилик тўлқинини келтириб чиқарди. Рихам Саидни ирқчилик, таҳқирлаш ва инсонларга ҳурматсизликда айблашди. Унга Мисрнинг аксарият аҳолиси бой эмаслигини, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва семириш касаллигига қарши қиммат дориларни сотиб олишга имконлари йўқлигини эслатишди.

Саид ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзини оқлашга ҳаракат қилди.

"Мени нотўғри тушунишди. Мен семизлик устидан кулмоқчи ва қораламоқчи эмасдим, балки унинг саломатлик учун хавфли эканлигини айтмоқчи эдим", - деб ёзди телебошловчи. Аммо унинг бу сўзлари оммани тинчлантира олмади.

Мавзуга оид