Трансфер ойнаси ёпилишига оз вақт қолмоқда ва кўпчиликни бир савол - Неймарнинг кузни қайси жамоа сафида бошлаши қизиқтирмоқда. Нафақат Испания ёки Франция, балки бутун Европа футболига таъсир этиши мумкин бўлган бу келишув ҳақида сўнгги пайтларда жуда кўп хабарлар чиқди. Бу хабарлар турлича, бир бирини инкор қилади ва энг қизиғи, айни манбалар ҳам бир бирига зид бўлган хабарларни беришмоқда. Демак, ростан ҳам бу трансфер устидаги музокаралар жонли тарзда давом этяпти ва соат сайин ўзгармоқда.
Эътиборингизга Неймар трансферини ўзига қамраган сўнгги бир ҳафтани ҳавола қиламиз.
26 август. Душанба.
«Барселона»нинг асосий таркиби «Бетис» устидан қозонилган ғалабадан сўнг дам олди. Дембеле бу ўйинда жароҳат туфайли ўйнамаганди, Ракитич эса мураббий қарори билан майдонга тушмади. Ҳар икки футболчи Неймарнинг трансферига қўшилиши режалаштирилганди. Қулоқсиз Дембеле аллақачон клуб раҳбарларининг жонига теккан, унинг жароҳатлари ва машғулотларга бўлган муносабати қониқтирмаяпти. Ракитич эса, Вальвердега маъқул бўлса-да, «Барселона» президенти Бартомеунинг режаларидан ташқарида. «Барселона» Неймарнинг ижараси учун Дембелени ижарага бериш ва устига 40 миллион евро тўлашга рози. «ПСЖ» бу таклифни рад этди.
27 август. Сешанба.
Ишга яна «Реал» аралашди ва Флорентино Перес Неймар учун Бэйл, Навас ва Хамесдан воз кечишга тайёрлигини билдирди. «ПСЖ» бу номлар ўрнига Винисиус ва Куртуани сўради ва шу билан музокаралар тўхтади. Бу орада каталонияликлар клуби тизимида ишлаётган Виктор Вальдес ўз интервьюсида Неймарнинг трансфери билан боғлиқ ниманидир деса, ишдан бўшатиб юборишларини айтди. Дембеле эса, оловга бензин сепди - у инстаграмда ўзининг каталонияликлар футболчиси ҳақидаги маълумотни ўчириб ташлади.
Кечга яқин «Барселона» ва «ПСЖ» клублари раҳбарлари Парижда учрашишди. Келишув амалга ошгандек эди: Икки транш билан тўлаш шарти билан 170 миллион евро. Аммо «Барселона»да бунча пул йўқ, «Ювентус» Ракитич учун катта пул бермоқчи эмас. Томонлар эртасига учрашиш шарти билан тарқалишди. «Барселона» директори Хавьер Бордас Каталония радиосига трансфер ҳал бўлаётганини айтди, Париж кутмоқда.
28 август. Чоршанба.
Деярли ҳал бўлган келишув, аввалги ҳолатга қайтиб қолди. «Барселона» яна пул тўламоқчи эмас, бунинг ўрнига Ракитич ва Дембелени таклиф қилди. Парижликлар мураббийи Тухель Дембеленинг келишига қарши эмас, аммо Дембеле ҳам, Ракитич ҳам, Барселонани тарк этишга рози бўлишмаяпти.
Пике ўз навбатида Неймарни кутаётганини, аммо вазиятга таъсир ўтказа олмаслигини ёзмоқда. «Барселона» босслари ҳам шунақа ҳолатда, чунки уларнинг пул ўрнига футболчи бериш таклифини «ПСЖ» совуқ қарши олди.















