Ўзбекистон | 16:39 / 01.09.2019
6158
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг Актау шаҳрида Ўзбекистон бош консуллиги очилди  

Фото: Tumba.kz

31 августда Қозоғистоннинг Актау шаҳрида Ўзбекистон бош консуллиги очилиши маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда шаҳар жойлашган Мангистау вилояти раҳбари Серикбай Трумов ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев иштирок этди.

Дипломатик корпуснинг очилиши икки давлат ўртасида иқтисодий алоқалар ва дўстона муносабатларни янада кенгайтиришга имкон бериши таъкидлаб ўтилди. 

“Бугун биз Мангистау ерида тарихий воқеа гувоҳи бўлдик. Икки қардош халқ ўртасида маданий ва маънавий алоқалар тобора мустаҳкамланиб, кенгайиб бормоқда. Давлатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик алоқалари янада мустаҳкам бўлсин”, деб айтган вилоят акими Трумов.

Ўз навбатида Ўзбекистон элчиси Саидикром Ниёзхўжаев Актау Қозоғистоннинг денгиз дарвозалари ҳисобланишини таъкидлаб ўтган.

“Бутун юк оқими, денгиз юк оқими шу ердан ўтади. Бу Ўзбекистон маҳсулотларининг Қозоғистон орқали бошқа давлатларга чиқиши учун энг қисқа йўл. Дастуримизда Ўзбекистон чегарасидаги ўтиш пунктларини модернизация қилиш бор ва албатта, товар оқими юра бошлаганда, аҳоли кела бошлайди, инвесторлар ўзаро мулоқат қилади. Бош консуллигимиз бунга қўшимча туртки беради”, деб айтган Ниёзхўжаев.

Янги консуллик ходимлари Ўзбекистон фуқароларига ҳужжатларни расмийлаштиришда, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда ёрдам кўрсатади. Эндиликда ўзбекистонликларга зарур ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш учун Ўзбекистонга боришлари зарурати бўлмайди.

Актауда, шунингдек, Озарбойжон, Эрон, Туркманистон ва Туркманистон консулликлари фаолият юритади.  

2019 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айланмаси 1,8 млрд долларни ташкил қилди. Йил охиригача бу кўрсаткични 4 млрд долларга етказиб қўйиш режалаштирилган.

Мавзуга оид