Ўзбекистон | 16:25 / 04.09.2019
55207
2 дақиқада ўқилади

Ботир Зокиров расман Қурилиш вазири бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 августдаги ПФ-5807-сонли Фармонига мувофиқ, Ботир Иркинович Зокиров Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири лавозимига тасдиқланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Ботир Зокиров – 2018 йил апрелидан буён Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари эди.

Ботир Зокиров 1963 йилнинг 28 июлида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент политехника институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) қурувчи-муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1980 йилда Тошкент инструментал заводида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1985-1990 йилларда «Тошсантехмонтаж» трестида ишлаган. 1990 йилда эса «12-трест» қурилиш ширкатида иш бошлаб, бу ерда чилангарликдан бошқарув кенгаши раиси лавозимигача кўтарилган. 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси этиб тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 14 декабрдаги ПФ-4877-сон фармонига мувофиқ Ботир Закиров Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланганди.

Эслатиб ўтамиз, 29 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар янги таркиб топган амалиётга кўра, ҳукумат аъзолигига тайинланаётган номзодни кўриб чиқишган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қурилиш вазири лавозими учун тақдим этилган Ботир Эркинович Зокиров номзоди депутатлар томонидан маъқулланганди.

Қурилиш вазирлиги 2018 йилнинг 2 апрель куни  президентнинг «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ташкил этилганди. Ўшанда вазирликка Олмазор тумани ҳокими бўлиб турган Абдуқаҳҳор Тўхтаев (2005-2011 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими бўлган) янги раҳбар этиб тайинланганди. У 2019 йилнинг майида лавозимдан озод этилиб, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимига ўтказилди.

Мавзуга оид