Президентнинг Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони имзоланди.
Фармонга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади.
Ҳужжат билан:
Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхати;
Халқаро таснифлагичнинг 4-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхати;
Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган, олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият юритадиган таълим муассасалари рўйхати;
Касбга ўқитиш марказларини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимига ўтказиладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати;
Олий таълим муассасалари қувватларини ошириш, истиқболда хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларини ташкил этиш учун бериладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати;
Олий таълим муассасаларининг кўп тармоқли ўқув марказлари ва амалиёт полигонларини ташкил этиш учун бериладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати;
Бинолари умумий ўрта таълим муассасалари сифатида фойдаланиладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати тасдиқлансин.
Мазкур фармон билан қуйидагилар белгилаб қўйилди:
а) бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларига Халқаро таснифлагич бўйича асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилади;
б) тизимда мос равишда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади;
в) касб-ҳунар мактабларида:
кадрлар тайёрлаш умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади;















