30 август куни оммавий ахборот воситаларида Фарғона вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош барча назорат-текширувлари постлари очилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жумладан, узоқ кутилган Риштон-Сўх пости ҳам шу куни очилди.
Икки давлат расмийлари, халқ вакиллари чегара пости, Риштон ва Сўх туманини боғлаб турувчи Қирғизистон орқали ўтган йўлнинг тантанали очилиш маросимига йиғилиб кенг нишонлашди.

Сўхликлар учун бу янгилик қай даражада аҳамиятли эканлигини сўз билан ифодалаш қийин. Чунки, Сўх тумани ҳудудида юз фоиз Қирғизистон ери билан ўралган анклав ҳисобланади.
Чегара постларнинг тантанали очилиши
Ўша куни Қувасой, Водил, Бешариқ ва Риштон чегара постларига халқаро пост мақоми берилгани эълон қилинганди. Айниқса, бу янгиликдан Риштон ва Сўх аҳолиси жуда хурсанд бўлгани бежиз эмас. Чунки, 10 йил давомида 250 км йўл босиб Сўхга боришига тўғри келар эди.
Ушбу йўл очилиши билан эса 250 км ўрнига 30 км йўл юриш кифоя қилар ва бу савдо-сотиқ учун қулайлик яратади. Сўхликлар учун ҳам бу воқеа катта байрам даражасидаги янгилик бўлди.
Икки чегара постида Ўзбекистон ва Қирғизистон байроқлари ҳилпиради. Расмий очилиш маросимини нишонлаш учун чегара постига Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳокими Акрам Мадумаров вилоят фаоллари билан етиб келишди. Ҳар икки мутасадди тантанали маросимда сўз олиб, икки халқ вакилларига ўз табрикларини айтишди.

Маросим давомида қўшни юрт вакиллари, нуронийлар постларнинг очилиши аҳамиятли ҳодиса экани ҳақида сўзлашди.
Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси рисоладигидек бошланиб, анклав аҳолиси Риштон-Сўх пости очилганидан бениҳоят хурсанд бўлди.
Риштон–Сўх пости тантанали очилган бўлсада ишламаяпти
Сўх ва Қирғизистонни боғлаб турувчи Тул постида сўхликлар ўша куни сайил даражасида байрам шодиёналари ташкил қилишди. Тулга 5 мингга яқин киши келиб, Сўх тумани ҳокими Фаррух Ўсаров ҳамда Қирғизистон томонидан Оқ турпоқ айили бошчиси Алчинбай Тўралиев барчани табриклагач, очилиш маросими ўйин-кулги, қутлаш сўзлари билан узоқ вақт давом этган.




















