2019 йил август ойнинг 27 куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Сергели туман маъмурий суди раиси ёрдамчиси Обид Шомақсудовнинг ўлдирилиши бўйича жиноят иши юзасидан ҳукм ўқилди.
Олий суд хабарига кўра, судланувчи, 1964 йил 18 май куни Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманида туғилган, нафақада бўлган Рустам Эргашев 2018 йил август ойида ўзининг таниши Обид Шомақсудов онаси ва отаси ўрталаридаги мулкни бўлиш натижасида кўп миқдордаги пул маблағларни онаси орқали олишини билиб, ундан 5 минг АҚШ долларни қарзга олишни режалаштириб, сўнг тамагирлик ниятларида О.Шомақсудовга қарзни қайтармаслик ва унга тегишли бўлган “SPARK” русумли автомашинасини ҳамда унинг ёнида бўлган бошқа мулкларни босқинчилик йўли билан эгаллаш мақсадида О.Шомақсудовни ўлдиришга қарор қилган.
Р.Эргашев 2019 йил январь ойининг бошида Миробод тумани “Қўйлиқ” бозори атрофида савдо мажмуаси орқасида жойлашган дори воситаларнинг норасмий бозорида, терговда шахсини аниқлашни имкони бўлмаган шахсдан 100 минг сўмга 4 дона думалоқ сариқ рангдаги уйқу дорисини ичимликларга қўшиш ва улар билан О.Шомақсудовни заҳарлаш учун сотиб олган.
2019 йил 26 февраль куни соат тахминан 21:00ларда, Р.Эргашев Сергели тумани, “Чоштепа” маҳалласида жойлашган озиқ-овқат дўконида бўлган вақтда, O.Шомақсудов ўзининг вояга етмаган қизи билан мазкур дўконга кириб P.Эргашевга кейинроқ учрашишни ва иш борлигини таклиф қилган, сўнг дўкондан қизига зарур нарсаларни олиб бериб, уни уйида қолдирган. Шундан кейин у ўзига тегишли бўлган “SPARK” русумли автомашинасида Р.Эргашев билан учрашиш учун озиқ-овқат дўкони олдига бораётган вақтда йўлда Р.Эргашевни учратиб, дўкон олдига боришини, иш борлигини маълум қилган. Р.Эргашев ўз навбатида ўзининг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинада O.Шомақсудов билан учрашиш учун дўкон олдига қайтиб келган.
Шундан сўнг, О.Шомақсудов кечки вақт соат 22:05лар атрофида P.Эргашев олдиндан сўраган 5 минг АҚШ долларидан 4 минг АҚШ доллари (яъни 33.612.760 сўм)ни Р.Эргашевга бериш учун олиб, ўзига тегишли “SPARK” автомашинасидан тушиб, Р.Эргашев бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасига ўтириб, ҳар бир купюраси 100 АҚШ долларидан бўлган 40 дона 4 минг АҚШ долларини Р.Эргашевга берган.
Р.Эргашев 4 минг АҚШ долларини чўнтагига солиб қўйгандан сўнг, ўзи олдиндан режалаштирган қасддан одам ўлдириш, босқинчилик ва транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида, О.Шомақсудовга ўзи томонидан қорамоллар боқиладиган Жўнариқ кўчасидаги уйда жойлашган фермага бориб, у ерда спиртли ичимликлар ичишни, О.Шомақсудовга ўзини транспорт воситасини дўкон яқинидаги кўприк устида қолдиришни таклиф қилган, ўз навбатида О.Шомақсудов бунга розилик билдирган. Р.Эргашев ўз бошқарувидаги машинада Чоштепа маҳалласидаги озиқ-овқат дўконига бориб, у ердан маҳсулотлар сотиб олган.















