Саудия Арабистонининг йирик нефтни қайта ишловчи Aramco компаниясига тегишли иккита объект дронлар ҳужумига учраганидан сўнг Саудия кунлик нефть ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга камайтирди. Қиролликда кунлик нефть хом ашёси ишлаб чиқариш ҳажми 5,7 миллион баррелга (1 баррель — 159 литр) камайиши кутилмоқда. Бу бутун дунёда қазиб олинаётган кунлик нефть ҳажмининг 5 фоизи дегани. Ямандаги ҳусийчилар объектларга ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олди.

Дронлар ҳужумига учраган объектлар Абқайқ ва Хурайсда жойлашган. Reuters нашрининг ёзишича, Форс кўрфазида қазиб олинадиган нефтнинг катта қисми айнан Абқайқдаги заводда қайта ишланади. Ҳужум 14 сентябрь куни амалга оширилган. Оқибатда ҳар икки объектда ёнғин келиб чиққан. Заводлардаги бир нечта объектда нефтни қайта ишлаш тўхтатилган, чунки ёнғин сабаб янаям кўпроқ хом ашё ёниб кетиши хавфи бўлган. Заводларда доимий фаолият бир неча кундан сўнг тикланиши айтилмоқда.

Уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига ҳусийчилар Саудиядаги ҳужумлар учун 10та дрондан фойдаланилгани билан «мақтаниш» баробарида бундай ҳужумлар давом эттирилишини иддао қилишган. Саудия Арабистони бир неча йилдан буён Ямандаги ҳусийчиларга қарши кураш олиб борадиган коалицияни бошқариб келади. Саудия ҳусийчилар мамлакатга хавф туғдираётганини маълум қилишади. Шунингдек, Саудия ҳусийчилар Эроннинг кўрсатмаси билан иш қилишини таъкидлаб келади.
Саудиянинг яқин ҳамкорларидан бири АҚШ дарҳол бу ҳужумлар ортида Эрон турганини маълум қилди. АҚШ давлат котиби Майк Помпео ўзининг твиттердаги саҳифасида шундай ёзди: «Руҳоний ва Зариф дипломатик алоқалар борасида гапираётган бир вақтда Эрон Саудияга 100 марталаб ҳужум уюштиришга улгурди. Эрон бу билан бутун дунё энергетикасига зарба берди»,— деб ёзди Помпео. Унинг айтишича, АҚШ ўзининг ҳамкорлари билан энергетик хавфсизликни таъминлаш борасида ишлашда давом этади.
Эрон томони эса АҚШнинг бу айбловини мантиқсиз деб атади: «Максимал босим ишламаганда максимал ёлғон ёрдамга келади», — деб ёзди Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф твиттердаги саҳифасида. Ироқ бош вазири Одил Абдул Маҳди ҳам бу ишлар Ироқ томонидан уюштирилгани ҳақидаги хабарларни асоссиз миш-мишлар гап деб атади.
Бу воқеалардан сўнг Саудия Арабистони подшоҳлигининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасида телефон суҳбати ўтказилди. Суҳбат давомида Трамп АҚШ Саудия хавфсизлиги учун қўлидан келган ёрдамни беришини маълум қилган. Reuters’нинг ёзишича, дронлар ҳужумидан сўнг нефтнинг нархи бир неча баробарга қимматлашиши ва Саудия, АҚШ каби давлатларни стратегик захираларидан нефть сотишга ундаши мумкин. Бу мантиқан тўғри тахмин, чунки ҳар икки мамлакатнинг асосий рақиблари иқтисодиёти нефтнинг нархига боғлиқ ва бу хом ашё қимматлашиши уларнинг фойдасига ишлаши мумкин.








