Иқтисодиётни барқарорлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш мақсадида ҳудудларда кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Давлат раҳбарининг шу йил 21 июнь санасида қабул қилган 4363-сонли қарорида кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш ҳақида белгилаб қўйилган.

Бироқ ушбу муҳим ҳужжат ҳудудларда ҳам етарли даражада таъминланяптими? Сайт таҳририятига айнан шу масала бўйича Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида ташкил этилган кичик саноат зонасида фаолият юритувчи бир гуруҳ тадбиркорлар томонидан мурожаат келиб тушди.

Марғилонга бориб мурожаатчилар билан учрашдик.

Бу кичик саноат зонасида ривожланган давлатлардаги жаҳон стандартларини қўйинг, бирламчи шароитлар ҳам йўқлигига гувоҳ бўлдик.

Ушбу ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлар ҳолатни тушунтириб беришди.

Маҳсулотлар «брак» бўлиб кетмоқда

Баҳром Мирхўжаев, «Синиорита» хусусий корхонаси раҳбари:

– Биздаги энг асосий муаммо бу – электр масаласи. Кучланиш жуда паст. Тез-тез ўчиб туради. Биз ҳозир аҳоли линиясида ўтирибмиз. Тендер вақтида бизга газ, электр ва бошқа коммунал хизматлар 100 фоиз бўлишини ваъда қилишганди. Бунга ишониб ўзимизга вазифа олганмиз. Масалан, инвестиция киритиш, ишчи ўрни яратиш, қурилишлар қилиш каби вазифалар. Биз айтилган ишларни қиляпмиз, лекин ўзига хос муаммолар бор. Биринчи навбатда электр муаммоси. Свет ўчади, иш тўхтайди. Менинг корхонамда 120 киши ишлайди. Электр ўчса, ишсиз ўтиришади. Бу ерда сув ҳам муаммо. Ўзи 25 мм. ўлчамдаги трубада келади. Бу эҳтиёжимиз учун етмайди. Бу битта хонадон учун етадиган меъёр. Бутун кичик саноат зонасига кичик трубада келади. 2018 йилда биз учун алоҳида линия тортилиши ҳақида ваъдалар беришган эди. Ўтган йили битишини айтишганди. 2019 йилнинг август ойи тугаяпти, ваъдалар бажарилишидан дарак йўқ. Буёқда маҳсулотларимиз сифатсиз бўлиб кетяпти. Масалан, биз аёллар пойабзалини ишлаб чиқарамиз. Агар 100 жуфт маҳсулотни ускунада ишлаб чиқараётган вақтимизда электр ўчса, ҳаммаси «брак»ка чиқиб кетади. Маҳсулот иссиқдан чиқиб, совуққа, музлатгичга кириши керак.