Ўзбекистон | 11:28 / 25.09.2019
2818
3 дақиқада ўқилади

Европа инвестиция банки Оролбўйи ҳудудини барқарор экологик ривожлантиришда қатнашади

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2019 йил 24 сентябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курмановнинг Европа инвестиция банки вице-президенти Васил Худак бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, унда Ўзбекистоннинг Европа инвестиция банки билан икки томонлама ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари хусусида фикр алмашилди. Хусусан, иссиқлик билан таъминлаш, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Ўзбекистоннинг Европа инвестиция банки билан ҳамкорлиги Ўзбекистон Республикаси ва Европа инвестиция банки (ЕИБ) ўртасидаги Ҳадли битимга мувофиқ амалга оширилиши қайд этилди. ЕИБ давлат инфратузилмаси, энергетика ва энергия самарадорлиги, мамлакатда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш каби соҳаларда давлат ва хусусий секторларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди. Хусусан, таъкидланганидек, делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Европа инвестиция банки ўртасида Оролбўйи ҳудудни барқарор экологик ривожлантириш тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

Банк Марказий Осиё мамлакатларида Иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлар ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш механизми доирасида лойиҳаларни молиялаштиради. Бу механизм Европа Иттифоқида қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлиги соҳасидаги лойиҳаларни, иссиқхона газлари чиқаришни камайтириш лойиҳаларини ва энергия таъминоти хавфсизлигини ошириш лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Республикаси ЕИБ билан ҳамкорлик қилаётган Марказий Осиёдаги тўртта давлатдан бири ҳисобланади. ЕИБ билан ҳамкорлик қилиш даврида сув таъминоти ва энергия самарадорлиги соҳасига 200 млн. евро миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида иккита молиявий битим имзоланган (2018 йил октябрь, Париж шаҳри).

Учрашув якунлари бўйича томонлар сенаторлар ва мутахассислар иштирокида молиялаштириш ва Ўзбекистон ҳудудларига илғор технологияларни жалб қилиш масалалари муҳокамасига бағишланган қўшма тадбир ўтказишга келишиб олдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид