Ўзбекистонлик 23 ёшли Нодира Қодирова Туркия пойтахти Анқара шаҳрида парламент депутатининг уйида ўзини отиб қўйди.
Полициянинг дастлабки хулосасига кўра, у депутатга тегишли тўппонча билан ўз жонига қасд қилган. Қизнинг акаси эса депутат воқеадан олдин синглисига нисбатан жинсий зўравонлик қилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Ҳодиса 23 сентябрь куни Туркияда ҳукмрон партия депутати, истеъфодаги генерал Ширин Уналнинг хонадонида рўй берган. Марҳумнинг ёнидан ўқотар қурол топилган, унинг ўлими шаҳардаги касалхоналардан бирида қайд этилган.
Маълум бўлишича, Нодира Қодирова парламент аъзосининг уйида бир йилдан буён хизматчилик қилаётган, сиёсатчининг бемор хотинига қараётган бўлган.
Полиция ҳодиса вақтида Ширин Унал, унинг хотини, қизи ва бошқа бир хизматчи уйда бўлганини аниқлади. Расмий ахборотда айтилган бошқа бир хизматчи ҳам ўзбекистонлик бўлиши мумкин – ОАВ маълумотига кўра, уй бекасини парваришлаш билан Қодировадан ташқари яна бир Ўзбекистон фуқароси шуғулланиб келган.
Университетга кириш орзусидаги қизнинг ўз жонига қасд қилишига ҳеч қандай сабаб йўқ эди

Марҳумнинг акаси Муҳаммадали Қодировнинг «Сўзчи» газетаси мухбири билан суҳбатда айтишича, синглиси воқеадан бир кун олдин айтган сўзлари билан Лайло исмли дугонасини хавотирга солган.
«Жуда ёмон ишлар бўляпти. Акамнинг кўзига қандай қарайман? Ўлишни хоҳлаяпман», – деб айтган у телефондаги суҳбатда.
Шунингдек, Муҳаммадали синглисининг ўз жонига қасд қилишга ҳеч қандай сабаб бўлмаганини таъкидлади. Унга кўра, қиз яқин кунларда университетга кириш учун ўқув курсига бора бошлашни режалаштирган эди.
«Билишимизча, Нодира соат 20:48да депутатнинг тўппончаси билан юрагига ўқ узган. Унинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган – ўлим соат 21:50да қайд этилган.
Синглим 4 йилдан буён Туркияда яшаётган эди. Иккаламиз ҳам муаммосиз яшаб келаётгандик. Унинг суициди бизни шокка туширди», – дейди марҳумнинг акаси.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, мамлакатнинг Туркиядаги элчихонаси Консуллик бўлими вазиятни назоратга олган. Жасад 25 сентябрь куни Анқара-Истанбул-Тошкент йўналиши билан учган самолётда ватанга юборилган.








