Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида мавсумнинг энг йирик ҳисоби қайд этиб бўлинди. «Тоттенҳэм» ва «Бавария» учрашувида мухлислар жами 9та голга гувоҳ бўлишди. Лекин Лондондаги ўйин турнир тарихидаги энг голларга бой учрашув эмасди. Бир ўйинда 9 гол урилиши рекорд натижанинг яқинига йўлай олган, холос. Қуйида мухлислар турнирнинг кузги ўйинларида қандай йирик ҳисобларга гувоҳ бўлишгани ҳақида келтирилади.
2011 йил. «Динамо» З – «Лион» – 1:7
«Лион» ўшанда плей-офф босқичига чиқиши учун Загребда жуда йирик ҳисобда ғалаба қозониши талаб этиларди. Ўшанда французлар ўз вазифаларини бажаришганди, ҳолбуки 45-дақиқага келиб «Динамо» 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Кейин Бафетимби Гомес покер қайд этади. Бу ўйин натижаси барчада шубҳа уйғотади, аммо УЕФАнинг ўша вақтдаги президенти, франциялик Мишель Платини бу ўйин келишилган ўйин бўлмаганини маълум қилади.
2014 йил. «Рома» – «Бавария» – 1:7
«Бавария» ЕЧЛнинг гуруҳ босқичи сафар ўйинларида аввал ҳам 7та гол урган. Беш йил муқаддам мюнхенликлар «Рома»ни янада йирикроқ ҳисобда енгишганди. Ўша ўйиннинг 36-дақиқасига келиб Арьен Роббен дубль расмийлаштирган, Марио Гётце, Роберт Левандовски ва Томас Мюллер биттадан гол уришга улгурганди. Римлик мухлислар том маънода ерга урилишади. Иккинчи бўлимда Франк Рибери ва Шердан Шакири яна биттадан гол уришади.
2015 йил. «Байер» – «Рома» – 4:4
Бундай голларга бой учрашув дуранг натижа билан якунланган ягона ҳолат. Бу учрашувда ҳам «Рома» иштирок этган, аммо немисларнинг бу жамоасига қарши римликлар Леверкузенда 4:4 ҳисобидаги дуранг натижага эришишганди. Ҳолбуки, ўша ўйиннинг 19-дақиқасида майдон эгалари Хавьер Эрнандеснинг дубли эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Кейин «Рома» 44 дақиқа ичида 4та гол уради. Бу голларнинг иккитаси Даниэл Де Росси ҳисобига ёзилади. Лекин ўйин якунида Роджер Шмидт бошқарувидаги «Байер» мағлубиятдан қутулиб қолганди.
2015 йил. «Реал» – «Мальмё» – 8:0
Криштиану Роналду ва Карим Бензема ўшанда «Сантьяго Бернабеу»да истаганини қилишганди. Португалиялик футболчи шведлар дарвозасига покер қайд этган, француз эса ҳет-трик билан кифояланганди. Яна бир гол Матео Ковачич томонидан урилганди. Қолаверса, Роналду ўз статистикасига бешинчи голли ҳаракатни ёзиб қўйган – голли узатмани амалга оширганди.
2019 йил. «Ред Булл Зальцбург» – «Генк» – 6:2
Жорий мавсумнинг биринчи турида томошабинлар Австрия ва Бельгия жамоаларининг қувноқ ўйинига гувоҳ бўлишди. Айниқса Эрлинг Ҳоланд мухлисларни хушнуд қилди: «Ред Булл Зальцбург»нинг ёш ҳужумчиси Европадаги асосий турнирдаги дебютини ҳет-трик билан нишонлаганди. «Генк» қисқа вақт ичида учта гол ўтказиб юборган, кейин икки марта ҳисобни қисқартирган бўлсада йирик ҳисобда мағлуб бўлганди.


















