ЕХҲТда бир йил аввал ўлдирилган саудиялик журналист Жамол Қошиқчи хотирланди
1 октябрда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида бир йил аввал ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчи хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
“Ушбу кун, Жамол Қошиқчи ўлдирилишининг бир йиллигида яқиндагина, жумладан ЕХҲТ минтақасида ўлдирилган бошқа барча журналистларни ҳам ёдга олмоқдамиз. Дунё бўйлаб журналистларга қарши зўравонликнинг ёйилиши демократик қадриятларимизга таҳдиддир ", деган Дезир.
Қошиқчи АҚШнинг Washington Post нашрида шарҳловчи сифатида ишлаган ва 2017 йилдан АҚШда яшаган. 2018 йил 2 октябрь куни у Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига ҳужжатларни расмийлаштиргани киргач бедарак йўқолган. Саудия Арабистони давлат оммавий ахборот воситалари 20 октябрга ўтар кечаси Қошиқчи тирик эмаслигини, унинг ўлимига консуллик ходимлари билан жанжаллашиб қолгани олиб келгани ҳақидаги хабарни тарқатган.
Истанбул прокуратураси Қошиқчининг ўлдирилиши қасддан амалга оширилгани, унинг жасади у консулликда бўғиб ўлдирилгандан кейин йўқ қилинганини таъкидлаган. Туркия Саудия Арабистонидан жиноятчиларни экстрадиция қилишни ва журналист жасади қаерда эканлигини маълум қилишни талаб қилиб келмоқда.
Саудия Арабистони бош прокуратураси баёнотига кўра, Қошиқчининг ўлдирилиши иши бўйича 21 киши ҳибсга олинган. Қотилликнинг беш нафар бевосита иштирокчиси учун прокуратура ўлим жазосини талаб қилган. Араб оммавий ахборот воситалари Саудия Арабистони ҳукуматининг хатти-ҳаракатларини танқид қилган Қошиқчини ўлдириш ҳақидаги буйруқ подшоҳлик тахтига номзод - валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон томонидан берилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни илгари сурган. Бироқ Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги валиаҳд шаҳзоданинг ушбу жиноятга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ҳақида бир неча маротаба таъкидлаган.
Аввалроқ валиаҳд шаҳзода журналист унинг навбатчилиги вақтида ўлдирилгани сабабли унинг ўлими учун жавобгар эканини тан олганди.
Мавзуга оид
09:24 / 08.04.2023
Россия ўлдирилган журналистлар сони бўйича Европада етакчилик қиляпти
08:59 / 05.04.2023
Журналист Соҳибжон Алижонов вафот этди
09:26 / 24.03.2023
Беларусда журналистларга янги суд ҳукмлари чиқарилди
10:39 / 08.03.2023