Самарқанд вилоятининг Тойлоқ ва Иштихон туманларида янги суд биноларининг очилиш маросими ўтказилди.

Бу биноларда бирваракайига тўрт суд — иқтисодий суд, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суд, маъмурий суд ҳамда жиноят ишлари бўйича туман судлари фаолият кўрсатади.
Тойлоқ туманида бўлиб ўтган очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этишди.



Сўзга чиққанлар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида судларни чинакам адолат қўрғонига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.


Козимжон Комилов шу куни Иштихон туманида айни лойиҳа асосида барпо этилган суд биносини ҳам очиб берди.


Тойлоқда қарийб 7 миллиард, Иштихонда эса 6,14 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланиб барпо этилган ушбу суд биноларида ҳар бир суд учун белгиланган тартиб бўйича маъмурий хоналар, суд заллари, фуқароларни қабул қилиш учун махсус хоналар ҳамда ходимлар учун алоҳида хоналар ажратилди. Биноларда видеоконференция алоқаси ҳам мавжуд бўлиб, бу қулайлик масофадан туриб суд ишларини олиб боришда қўл келади.






















