Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан, инновацион тадқиқотлар, яратилаётган шароитлар, ютуқ ва камчиликлар, муаммо ва таклифлар ҳақида олимлар билан суҳбатларини давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз ЎзФА Умумий ва ноорганик кимё институти академиги Шафоат Саттарович Намазов бўлди. Ушбу олим кўп йиллик илмий фаолиятини минерал ўғитлар ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштиришга бағишлаган.

Ўз раҳбарлигингиздаги ушбу лаборатория тарихи, бугунги фаолияти, амалга оширилаётган тадқиқотлар ҳақида сўзлаб берсангиз?

— ЎзФА Умумий ва ноорганик кимё институти фосфорли ўғитлар лабораторияси 1992 йилда ташкил топган бўлса (ундан аввал мураккаб ва фосфорли ўғитлар лабораторияси деб аталган), шундан буён лаборатория мудири бўлиб ишлаб келаман. Лаборатория ташкил қилинганда 5 нафар илмий ходим бор эди, холос. Ҳозир эса 2 нафар академик, 4 нафар фан доктори, бир фан номзоди, 2 нафар фалсафа доктори (phd), 9 нафар илмий ходим, бир нафар етакчи муҳандис, шунингдек, бошқа инженер ва лаборантлар хизмат қилади. Бундан ташқари, 6 нафар таянч докторант ва бир докторант илмий тадқиқотларини олиб бормоқда.

Лаборатория асосан уч йўналишда илмий фаолият олиб боради:

Биринчиси, Қозоғистон ва Ўзбекистон маҳаллий фосфоритларини қайта ишлаб, таркибидаги азот, фосфор, калийли озуқа моддалари бўлган ўғитларнинг янги турлари технологияларини ишлаб, амалиётга жорий қилиш;

Иккинчиси, Ангрен ва Шарғун кўмирлари асосида нитрат кислотаси билан қайта ишлаб аргона-минерал ўғитлар технологиясини қайта ишлаб чиқиш;

Учинчиси, нитрат-аммоний суюқланмасига ҳар-хил ноорганик моддаларни қўшиб, модификацияланган, портлаш хусусияти кам бўлган аммиакли селитра ўғитини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий қилиш.

Мана шу йўналишларда биз бир неча илмий ишланмаларни ишлаб чиққанмиз.

2014 йилда таркибида кальций, магний бўлган оҳакли-аммиакли селитранинг технологиясини ишлаб чиқдик. Ҳозиргача 35 минг тонна ишлаб чиқарилди. Бу ўғитнинг афзаллиги шундаки, буни экспорт қилиш мумкин. Европанинг қора тупроқли давлатларидаги тупроқ нордон тупроқ ҳисобланади. Тоза аммиакли селитра берилса, у парчаланиб кетади. Таркибида кальций, магний карбонати бўлган оҳакли селитра берилганда, биринчи навбатда, тупроқ нейтралланади.